ЕИ Украинага 50 млрд евролик ёрдам дастурини тасдиқлай олмади
Олам
−
15 Декабрь 2023
5641Европа Иттифоқи саммити Украинага кейинги тўрт йил давомида 50 миллиард евролик бюджет ёрдами дастурини тасдиқлай олмади, бироқ 2024 йил январида консенсусга эришилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель саммитнинг биринчи куни якунлари бўйича журналистларга маълум қилди.
"Биз ҳозиргина бугунги учрашувимизни якунладик. Биз узоқ муддатли ёрдам дастурини муҳокама қилдик ва сизни ишонтириб айтмоқчиманки, 26 нафар етакчи ушбу дастурнинг барча таркибий қисмларини қўллаб-қувватлади. Биз бу мавзуга январь ойида қайтамиз ва ишончим комилки, консенсусга эришамиз ", дейди у фақат битта давлат - Венгрия бунга қарши эканини қўшимча қилиб.
Шунингдек, Мишель ЕИ Европа ва Украина фуқароларига жуда кучли сигнал юборганини, чунки Европа Иттифоқи Украина ва Молдова билан аъзолик бўйича музокараларни бошлашга қарор қилганини таъкидлади.
Унинг аниқлик киритишича, Швеция “миллий тартиб асосида” Украина бўйича саммит қарорларини миллий парламентда қўшимча равишда тасдиқлаши керак. Европа кенгаши раҳбари бу тез содир бўлишига ишонч билдирган.
Қайд этиш жоизки, эндиликда ЕИ Кенгаши Еврокомиссиянинг музокаралар мандатини тасдиқлаши керак ва агар бошқа кечикишлар бўлмаса, Украинанинг ЕИга қабул қилиниши бўйича музокаралар 2024 йил мартида бошланиши мумкин. Уларнинг якунланиши учун вақт чегараси йўқ.
Финляндия Бош вазири Петтери Орпонинг айтишича, қабул қилинган қарор янги аъзоларнинг қўшилиш вақти бўйича ҳеч қандай кафолат бермайди. Бунга эришиш учун йиллар давом этадиган “жиддий ҳаракатлар” керак бўлади.
Ўз навбатида, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан саммитнинг биринчи куни якунида Украинага узоқ муддатли бюджет ёрдам дастури ҳақидаги қарорга вето қўйганини маълум қилган.
"Тунги смена натижаси: Украина учун қўшимча пулга вето, кўп йиллик бюджетни қайта кўриб чиқишга вето. Биз тегишли тайёргарликдан сўнг кейинги йил бу масалага Евроиттифоқ саммитида қайтамиз", деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Нидерландия Бош вазири Марк Рютте эса Европа Иттифоқи етакчилари қизғин суҳбат ўтказгани ва бу масалага бироз кўпроқ вақт бериш яхшироқ, деган хулосага келишганини билдирган.
Саммитнинг асосий мавзуларидан бири Украинага 2027 йил охиригача 50 миллиард евро миқдоридаги ёрдам дастури (шундан Еврокомиссия Киевга 33 миллиард еврони кредит ва 17 миллиард еврони “грантлар кўринишида”, яъни текин ваъда қилади) бўлди. Дастур Киев бюджетини тўлдиришга қаратилган, яъни бу давлат хизматчилари ва ҳарбий хизматчиларнинг иш ҳақи, пенсиялар ва Қуролли Кучларнинг ҳалок бўлган аскарларининг оилаларига компенсация тўлаш учун кетадиган "жорий харажатлар учун" пулни англатади. Агар ушбу дастур тасдиқланса, Киев ҳар ой тахминан 1,03 миллиард евро олади, бу ЕИ 2023 йилда бюджет эҳтиёжлари учун ҳар ой берган 1,5 миллиард евродан 1,5 баравар кам.
Муаммо шундаки, Европа Иттифоқи бюджетлари етти йиллик режалар форматида қабул қилинган ва Иттифоқнинг 2021-2027 йилларга мўлжалланган жорий бюджет режасида Киевни қўллаб-қувватлаш учун қайта тақсимланиши мумкин бўлган барча бўш пуллар 2022-2023 йилларда тўлиқ сарфланган. Етти йиллик даврнинг қолган қисми учун янги 50 миллиард еврони молиялаштириш учун Европа Комиссияси Европа Иттифоқи давлатларини ЕИ бюджетига янги ҳиссалар киритишга чақирди. Ҳамжамият мамлакатлари буни фақат ўз давлат бюджетлари ҳисобидан, яъни, солиқ тўловчиларидан тўғридан-тўғри тушумлар ҳисобидан амалга ошириши мумкин, бу эса Европа пойтахтлари зарарига ўйнайди.
LiveБарчаси