ЕИ Кенгаши Украинага яна 2,3 млрд евро ажратди

Олам

image

Кеча, 11 декабрь куни Европа Иттифоқи Кенгаши “Украина ёрдами” дастури доирасида Украинага 2,3 миллиард евро миқдоридаги олтинчи траншни ажратди. Ушбу маблағлар мамлакатнинг макромолиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу ҳақда ЕИ расмий саҳифасида маълум қилинди.

Қайд этилишича, мазкур транш Украинанинг олтинчи тўловга кириш учун зарур бўлган саккизта босқични муваффақиятли бажариши, шунингдек, тўртинчи транш доирасидаги бажарилмай қолган битта талабни ҳам адо этганини кўрсатади. Маблағлар Украина давлат бошқаруви тизимини қўллаб-қувватлашга ҳам йўналтирилади. Шу йилнинг ноябрь ойи бошида Киевга 1,8 миллиард евродан ортиқ аввалги транш ҳам ўтказилган эди.

Бундан аввал Киевга 2025 йилнинг августида 3,2 миллиард евро, апрель ойида 3,5 миллиард евро, шунингдек, 2024 йилнинг декабрида 4,1 миллиард евро ва августида 4,2 миллиард евро миқдоридаги тўловлар тасдиқланган эди.

2024 йил март ойида ишга туширилган Украина механизми 2027 йилгача мўлжалланган бўлиб, Европа Комиссияси маълумотига кўра, ушбу давр давомида Европа Иттифоқига Украинага 50 миллиард еврогача “барқарор ва олдиндан прогноз қилинадиган молиявий ёрдам” кўрсатиш имконини беради.

Олтита траншдан ташқари, ЕИ кўприк молиялаштириш учун 6 миллиард евро ва олдиндан молиялаштириш учун яна 1,89 миллиард евро ажратган.

Брюсселнинг таъкидлашича, ушбу дастур доирасидаги тўловлар Украинадан аниқ тикланиш ва ислоҳотлар режасини амалга оширишни, шунингдек, демократик механизмлар, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашни талаб қилади. Маблағлар Европа Комиссияси шартларнинг бажарилишини ҳар чоракда баҳолаганидан сўнг ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Кенгаши ЕИ’нинг 2026 йилги бюджетини тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди. Ушбу бюджет ЕИ Кенгаши ва Европарламент ўртасида 2025 йил 15 ноябрда эришилган музокара келишуви асосида шакллантирилган. Ҳужжатга кўра, жами мажбуриятлар – 192,8 миллиард евро, умумий тўловлар – 190,1 миллиард евро этиб белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Украина “Украина ёрдами” дастури

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг