ЕИ Алишер Усмоновнинг синглисини санкциялар рўйхатидан чиқаради

Олам

image

Европа Иттифоқи мамлакатлари 2000 дан ортиқ россияликка қарши санкцияларни яна олти ойга узайтириш бўйича келишувга яқинлашди. Дастлаб, Венгрия саккиз кишини, жумладан, тадбиркорлар Михаил Фридман ва Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқаришни талаб қилган эди. Бироқ Венгрия ўз ҳимоясидаги уч кишини рўйхатдан чиқаришга эришган. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

ЕИ дипломатик доираларидаги манбаларга кўра, қуйидаги шахслар санкциялар рўйхатидан чиқарилиши кутилмоқда:

Вячеслав Моше Кантор – тадбиркор, Европа Яҳудий Конгрессининг собиқ раҳбари. 2022 йил 8 апрелдан буён ЕИ санкциялари остида бўлиб, “Владимир Путин билан яқин алоқаларга эга россиялик олигарх” сифатида тилга олинган.

Гулбаҳор Исмоилова – Алишер Усмоновнинг синглиси бўлиб, унинг хориждаги баъзи активларига эгалик қилиши тахмин қилинади. 2022 йил 8 апрелда ЕИ санкциялар рўйхатига киритилган.

Михаил Дегтярёв – Россия Федерацияси Спорт вазири. Унга қарши Европа Иттифоқи санкциялари 2014 йил 25 июлда жорий қилинган. Ўша пайтда у Давлат Думаси депутати бўлиб, ДНРни очиқ қўллаб-қувватлаган ва Москвада унинг элчихонаси очилганини эълон қилган.

Бу ва бошқа шахсларга қарши санкциялар Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушига жавобан жорий қилинган эди. Расмий қарор яқин кунларда қабул қилиниши кутилмоқда.

Қайд этиш жоиз, 2022 йил сентябрь оийда Европа Иттифоқи Алишер Усмоновнинг бошқа бир синглиси Саодат Нарзиевани санкциялар рўйхатидан чиқарган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ расмий Будапешт саккиз нафар россиялик Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилмаса, Россияга қарши Европа санкцияларини узайтиришга вето қўйишга тайёрлигини маълум қилган эди. Венгриянинг ушбу рўйхатида Алишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳам бор эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Усмонов Европа Иттифоқи санкция Гулбаҳор Исмоилова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг