ЕЧЛда ҳафтанинг энг яхши футболчиси бўлишга номзодлар эълон қилинди

Спорт

image

Футбол бўйича Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич 1-турининг энг яхши футболчиси бўлиш учун даъвогарлар рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда UEFА расмий сайтида хабар берилди.

Дастлабки номзод сифатида ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппе эътироф этилган. 23 ёшли футболчи "Ювентус"га қарши учрашувда иккита гол урди ва клубининг 2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Хави бошчилигидаги "Барселона" тобора яхшиланиб бормоқда. Албатта, бунга ёзда амалга оширилган ажойиб трансферлар ҳам сабаб бўлди. Кутилганидек, янги келган футболчилар орасида Роберт Левандовски алоҳида ажралиб турибди. Польшалик футболчи ЕЧЛда "Барселона" сафидаги дебют учрашувидаёқ хет-трик қайд этди. Робертнинг голлари “кўк анорранглилар”нинг "Виктория"ни 5:1 ҳисобида таслим қилишига ёрдам берди. Левандовскининг ўзи эса ҳафта қаҳрамони бўлишга асосий даъвогарлардан бўлиб турибди.

ЕЧЛ 1-туридаги энг кутилмаган натижа "Наполи"га тегишли бўлди. Италия клуби "Ливерпуль"ни йирик 4:1 ҳисобида таслим қилди. "Қизиллар"га қарши ўйин наполиликлар ярим ҳимоячиси Петр Зелиньскининг бенифисига айланиб кетди. У "Ливерпуль" дарвозасига иккита гол урди ва битта самарали узатма берди. Зелиньски ҳақли равишда ҳафта футболчиси бўлишга номзодлар қаторидан жой олди.

1-турнинг яна бир қизиқарли учрашувида "Бавария" "Интер" майдонидан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан ортга қайтди. Ушбу баҳсда немис клуби ярим ҳимоячиси Лерой Сане феноменал ҳаракатларни амалга ошириб, ажойиб гол киритди. Бу ҳаракати Санега ҳафта қаҳрамонлари орасига киришга ёрдам берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Чемпионлар лигаси

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг