ПСЖ ниманинг эвазига “Арсенал”га қарши икки ўйинда ҳам ғалаба қозонди?
Спорт
−
08 Май 6942 4 дақиқа
8 майга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигаси ярим финал жавоб ўйини доирасида ПСЖ ўз уйида “Арсенал”ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. QALAMPIR.UZ ушбу ўйиннинг умумий таҳлилини ўз обуначиларига тақдим этади.

Парижликлар аввало, тезкор қанот футболчилари ва қанотдагиларни олдинга ундай оладиган плеймейкерлар билан рақибини мағлуб этди. Дастлаб, Парк де Пренс стадионида бўлиб ўтган ўйиндаги мезбонларнинг илк хавфли вазияти ҳақида. Қарши ҳужум Маркиньоснинг узун пасидан кейин Дуе марказ томон интилиб, ўзининг қаршисига та рақибни чорлади ва чап қанотдан очилиб келган ҳамда қулай вазиятга чиқиб келган Кварацхеляни тўп билан таъминлади. Грузиялик вингернинг зарбасидан кейин тўп устунга тегиб қайтди.

Дуенинг бирга-бир вазиятга чиқиб гол уролмаган ҳолатида эса парижликлар сафида биргина Дуе прессингда ишлади, натижада Салиба кимга пас беришни билмай қолди. Охири франциялик ҳимоячи Барколья босим уюштираётган Кивиорга узатма амалга оширишга мажбур бўлди. Польшалик футболчи эса тўпни шу заҳоти олдирди. Лондонликлар бутун жамоа бўлиб ҳужумга ўтиб, ҳимояланишда оқсагани мана бу вазиятда билинди. Яъни Барколья Дуени тўп билан таъминлаётганида канонирлар ҳимоясида бор-йўғи иккита ўйинчи қолганди. У ҳам бўлса, хато пас берган Салиба ва чап қанот ҳимоячиси Скелли.

Биринчи гол урилган вазиятда эса жарима зарбасидан узатилган тўп қайтди ва биринчи тўп тўғри Руиснинг оёғи остига тушди.“Арсенал” таянч ярим ҳимояси ва ҳимояси испаниялик тўпни тўхтатиб, зарба йўллагунча йўлак очиб берди. Фабианнинг қаршисига ҳеч ким чиқмади. Кейин у бир ҳаракат билан Эдегорни алдаб, кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди.

Голдан кейинги парижликларнинг илк вазиятида ҳам “Арсенал” футболчиларининг бутун жамоа бўлиб олдинга ташлангани ва бунинг оқибатида ҳимоя бўш қолганининг гувоҳи бўляпсиз. Ушбу вазиятда Дуе чўзиб ўтирмай, биргина пас билан Хвичани олдинга ундади, пас берилаётган вақтда Тимбер ва Скелли сўнгги ҳимоячи рольини бажара олмади.

Шунингдек, ПСЖ ҳужумидаги ўйинчилар техник жиҳатдан анча индивидуал маҳоратга эга эканлиги ушбу вазият якунида яна бир бор исботини топди. Хвича тўпни қизғанмади ва Баркольяга узатма амалга оширди. Бредли эса бир ҳаракат билан Скеллини “дўконга” чиқариб юборди ва зарба йўллади, Райя қайтарди.

Иккинчи тайм бошида “Арсенал” ҳужумга ўтди. Сака тўпни қабул қилиб олди ва Мендешни доғда қолдири. Унинг йўллаган хавфли зарбасини Доннарумма қайтарди.

Пенальти белгиланган вазиятдаги ҳужум ривожланишига эътибор беринг. Яна ўша Дуе тўп билан ажойиб муомала қилиб, яқинига та рақибини тўплади ва шу заҳоти қулай вазиятга чиқиб борган Ҳакимига тўпни узатди. Ашрафнинг йўллаган зарбаси чоғида тўп Скеллининг қўлига кегди ва пенальти белгиланди. Белгиланган 11 метрлик жарима зарбасидан Витинья унумли фойдалана олмади, Райя зарбани қайтарди.

Иккинчи гол урилган ҳужум бошланиши. Хвича бемалол тўп билан чап қанотда олдинга интилмоқда. Ҳужумга чиқиб позициясини очиқ қолдирган Тимбернинг ўрнини Эдегор бориб эгалламоқчи бўляпти. Кварацхелия тўпни марказга етказди ва “Арсенал” таянч ярим ҳимоясидаги Парти тўпни эгаллай олмади.

Дембеле биргина тегиниш билан Ҳакимини тўп билан таъминлади. Ашраф тўпни дарвозага йўллагунича лондонликлар ҳимояси унга коридор очиб берди.

ПСЖ хато қилмади, қилмайди дейсизми? Унда бу вазиятга қаранг. Маркиньос хато қилиб, тўпни Троссардга олдирди. Бельгияликнинг пасидан кейин Сака жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб, дарвозани ишғол қилишга урлурди. Захирадан қўшилган Льюка Эрнандес унга қаршилик қилолмади.

Ҳотиржамликка берилган парижликлар ҳимояга ётиб олди. Оқибатда “Арсенал” ҳужумларни тиндирмади. Мана бу вазиятда Калафьорининг узатмасидан кейин Сака зарба йўллади. Саканинг зарба йўллаётган вақтида парижликлар марказий ҳимоясида бўшлиқ пайдо бўлди ва уни ҳеч ким тўхтата олмади. Букайо эса бўш қолган дарвозани ишғол қилолмади.

Ўйиннинг якуний палласида ПСЖ ҳужумга ўтди. Жисмонан толиққан Арсенал футболчилари ҳимояланишда яна оқсади. Хвича тўпни ўзи билан олиб юриб, яна ёнига 4 та рақибни чорлади ва Руисга пас берди. Руис Дембелега пас берди. Усмоннинг йўллаган зарбасини Райя қайтарди.
Хулоса қилиб айтганда, Арсенал гол уриш учун бутун жамоа билан олдинга чиқди ва оқибатда ҳимояда катта бўшлиқлар пайдо бўлди. ПСЖ эса бу бўшлиқлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилди. Шунингдек, реализация, яъни вазиятлардан унумли фойдаланиш борасида ҳам лондонликлар анча оқсади. Ушбу факторлар ушбу жамоалар ўртасидаги илк ўйинда ҳам яққол намоён бўлганди.
Финалга муносиб жамоалар чиқди, ПСЖ ва “Интер”. Фаворитни олдиндан айтиб бўлмайди. Финал 31 май куни Мюнхенда бўлиб ўтади.
Live
Барчаси