ЕЧЛ. “Реал Мадрид” – “Манчестер Сити” (1:2). Гвардиола Мадридда ўз имзосини қўйди!
Спорт
−
27 Февраль 2020
4745Хабарингиз бор, 27 февраль тунида Европа чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичи доирасидан ўрин олган “Реал Мадрид” ва “Манчестер Сити” жамоалари ўртасидаги дастлабки учрашув бўлиб ўтди.
Мадриднинг “Реал” клуби ўз майдонида Манчестернинг “Манчестер Сити” жамоасини қабул қилди ва 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Драматик тарзда бўлиб ўтган муҳим учрашув ҳақида тўхталиб ўтамиз. Ушбу учрашувни барча футбол мухлислари ва мутассадилари сабрсизлик билан кутишгани ҳеч кимга сир эмас. Сабаби, ушбу ўйин ЕЧЛ плей-офф босқичининг марказий учрашуви, дея таърифланаётганди.
Ушбу жамоалар Европа чемпионлар лигаси бош соврини учун асосий даъворгарлардан бири бўлиб турганини кеча бўлиб ўтган баҳсдан билиб олиш қийин эмас.
Икала жамоа бош мураббийлари Зинедин Зидан ва Хосеп Гвардиоланинг асосий таркиб учун танлаган номзодлари барчани ҳайрон қолдирди. Боиси, ушбу баҳсда жамоаларнинг асосий таркиб футболчиларидан бир нечтаси майдонга туширилмади.
ЗАХИРАДА ҚОЛДИРИЛГАН АСОСИЙ ТАРКИБ ФУТБОЛЧИЛАРИ
“Реал Мадрид” жамоасининг етакчи футболчилари Тони Кроос, Гарет Бэйл, Лукас Васкес, Марсело асосий таркибда майдонга туширилмади. Ҳаттоки, Тони Кроос ушбу баҳснинг қайдномасига ҳам киритилмади. Эден Азар “Леванте”га қарши учрашувда жиддий жароҳат олиб, жамоанинг лазаретига тушиб қолгани сабабли 2 ой майдонга туша олмайди.
Марко Асенсио ҳам жиддий жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққан. Зиданнинг хатоси, “шаҳарликлар”га қарши баҳсда таркиб танлашда ва ўйинда футболчи алмаштиришда бўлди. Учрашувда Винисиус Жуниор захирага олинганидан сўнг, меҳмонлар гол уриб ҳисобни тенглаштиришга эришди.
“Манчестер Сити” жамоаси бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳам таркиб танлашда кўпчиликни бироз ҳайрон қолдирди. Сабаби, доим жамоанинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланган Серхио Агуэро ва Раҳим Стерлинг захирада қолдирилди. Шундай бўлса-да, Гвардиоланинг “Реал Мадрид”га қарши қўллаган тактикаси ўзини оқлади.
Гвардиола клуб тарихида янги саҳифа очди. Бунгача “Манчестер Сити” ҳеч қачон “Сантьяго Бернабеу”да ғалаба қозонмаган эди. Кечаги баҳсда Гвардиола ўз имзосини кўрсатиб қўйди.
ЎЙИНДАГИ ХАВФЛИ ВАЗИЯТЛАР
Учрашувнинг биринчи бўлимида майдон эгалари бир қатор хавфли ҳужумлар уюштиришди. Афсуски, уларнинг рақиб жамоа дарвозаси томон бошлаган ҳужумлари бесамар кетди. Гоҳида рақиб ҳимоячилари “Реал Мадрид” футболчиларини тўхтатишга муваффақ бўлган бўлса, гоҳида майдон эгалари яратилган вазиятлардан самарали фойдалана олишмади.
Бу орада Хосеп Гвардиола шогирдлари ҳам тез-тез қарши ҳужумларга ўтиб туришди. Учрашувнинг 21-дақиқасида “Манчестер Сити” жамоаси футболчиси Габриэл Жезус рақиб жамоа жарима майдони ичида жуда ҳам қулай вазиятдан гол ура олмади. Яъни ушбу вазиятда Тибо Куртуа жамоасини муқарраб голдан қутқариб қолди.
Учрашувнинг 30-дақиқасида “Реал Мадрид” жамоаси шиддат билан рақиб жамоа жарима майдончаси томон қарши ҳужумга ўтди. Чап қанотдан узатиб берилган тўпни Карим Бензема боши билан Эдерсон қриқлаётган дарвоза томон йўллади.
Аммо, ушбу вазиятда “шаҳарликлар” посбони қийин вазиятда тўпни қайтарди ва ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Дарвозабондан қайтган тўпга биринчи бўлиб Винисиус Жуниор етиб келди, лекин у тўпга етиб келиши биланоқ сирпаниб йиқилиб тушди ва деярли бўп қолган дарвозага гол ура билмади.
Биринчи бўлимнинг қўшиб берилган дақиқаларида “Манчестер Сити” футболчилари бурчак зарбасини амалга оширишди. Бурчакдан ошириб берилган тўпга Габриэл Жезус биринчи бўлиб етиб келди ва ўнг оёғида Тибо Куртуа қўриқлаётган дарвоза томон зарба берди. Куртуанинг бахтига ҳимоячилар тўп йўлига ғов бўлди ва учрашувда ҳисоб очилишига йўл қўймади.
Шу тариқа жамоалар танаффусга йўл олишди. Иккинчи бўлимда учрашув сценарийси буткул ўзгариб кетди.
Баҳснинг иккинчи бўлимида меҳмонлар катта устунлик билан олдинга ўтишди. Ўз уйида ҳаракат қилган “Реал Мадрид” жамоаси кечаги ўйинда иккинчи планга тушиб қолди ва бироз муддат бор эътиборини ҳимояга қаратишга мажбур бўлди.
“Шаҳарликлар” меҳмонларни прессингда ушлаб турди. Учрашувнинг 56 – дақиқасида яна ўша Габриэл Жезус “Реал Мадрид” жамоаси дарвозаси томон кучли зарба берди. Афсуски, ушбу дуэлда дарвозабон яна ғолиб чиқди. Жезус қулай вазиятдан унумли фойдалана олмади.
Баҳснинг 59-дақиқасида майдон эгалари ҳисобни очишга эришди. “Қироллик клуби” футболчилари чап қанотдан қарши ҳужумга ўтишди. Винисиус Жуниор рақиб жарима майдончасига ёриб кирди ва ўнг тарафда бўш қолган жамоадоши Искога тўпни оширди, у эса Эдерсон қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди ва ўйиндаги ҳисобни очди.
Ўйиннинг ўзгариб кетишига ушбу гол сабабчи бўлди. Орадан 10 дақиқа ўтгач “Манчестер Сити” катта куч бўлиб олдинга ўтди. 73-дақиқада “Реал Мадрид” жарима майдони ичида Кевин Де Брюйне тўпни фантастик тарзда жамоадоши Габриэл Жезусга узатди. У эса боши билан Тибо Куртуа қўриқлаётган дарвоза томон тўпни йўллади ва орадаги ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
ПЕНАЛЬТИ
Ўйиннинг кулминацион нуқтаси 82-дақиқада рўй берди. Захирадан майдонга туширилган Раҳим Стерлинг “Реал Мадрид” жарима майдони ичида Карвахал томонидан қўполлик билан тўхтатиб қолинди. Ушбу вазиятда учрашувни бошқариб борган Даниэле Орсато ҳеч иккиланмай 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Пенальтини амалга ошириш учун нуқтага Кевин Де Брюйне яқинлашди ва тўпга кучли зарб бериб майдон эгалари дарвозасини ишғол қилди – 1:2.
ҚИЗИЛ КАРТОЧКА
Баҳснинг 86-дақиқасида яна ўша Габриэл Жезус бирга-бир вазиятга чиқиб кетаётган вазиятда, “Реал Мадрид” жамоаси сардори Серхио Рамос қўполлик билан рақибини тўхтатиб қолди ва бош ҳакам ушбу қўполлик учун Рамосни майдондан четлатди. Ушбу қизил карточка “қироллик клуби”га қимматга тушди. Чунки, Рамос “Манчестер Сити”га қарши сафардаги жавоб ўйинида майдонга туша олмайди. Бу эса “Реал Мадрид” учун катта йўқотиш дегани.
Шу тариқа драматик кечган учрашувда “Манчестер Сити” сафарда муҳим бўлган ғалабани қўлга киритиб, ортга қайтди. Энди барчаси Англияда бўлиб ўтадиган жавоб учрашувида ҳал бўлади.
“Манчестер Сити” жамоаси бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўз уйида тўп ўтказиб юбормаслик йўлларини излаш учун бироз бош қотириши керак.
“Реал Мадрид” жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан эса сафарда йирик ғалаба қозониш учун бор имкониятларини ишга солишга тўғри келади.
Мадридликлар сафарда минимум 2та тўп фарқи билан ғалаба қозонишлари шарт. Акс ҳолда Зинедин Зидан ва унинг жамоаси ЕЧЛ мусобақаси билан хайрлашишга тўғри келади.
“Манчестер Сити”ни эса 2та тўп фарқи билан мағлуб бўлишдан ташқари қолган ҳар қандай натижа қониқтиради. Кичик ҳисобдаги мағлубият ҳам “шаҳарликлар”ни кейинги босқичга олиб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви 17 март куни соат 01:00да бошланади. Баҳс Манчестердаги “Эттихад Стэдиум”да бўлиб ўтади.
Жаҳонгир Сотволдиев
LiveБарчаси