Расман! “Ман Сити” молиявий фирибгарликда айбдор деб топилди
Спорт
−
22:15 1385 3 дақиқа
Англия Премьер-лигаси (АПЛ) “Манчестер Сити” клуби 2009/10 йилги мавсумдан 2017/18 йилги мавсумгача бўлган даврда лиганинг молиявий қоидаларини бузиш билан боғлиқ барча айблов бандлари, шунингдек, лига томонидан ўтказилган суриштирув билан ҳамкорлик қилишни истамагани билан боғлиқ айбловларнинг аксарияти бўйича айбдор деб топилганини эълон қилди.
Мустақил комиссия “Манчестер Сити”нинг қуйидаги қоидабузарликларга йўл қўйганини аниқлаган:
- бир қатор тижорат ҳамкорлари билан сохта шартномалар (томонлар ўртасидаги ҳақиқий келишувлар моҳиятини бузиб кўрсатувчи) тузган, шунингдек, клуб даромадларини сунъий равишда ошириш ва харажатларини камайтириш учун бошқа контрагентлар билан сохта келишувларга таянган;
- нотўғри молиявий ҳисоботларни тақдим этган ҳамда аудиторлар ва футболни тартибга солувчи органлардан ўз молиявий аҳволининг ҳақиқий ҳолатини яширган;
- АПЛ ва УЕФА томонидан белгиланган харажатлар лимитининг жиддий бузилишига йўл қўйган;
- АПЛ томонидан ўтказилган суриштирув давомида клуб лига билан ҳамкорлик қилиш ва ҳалол ҳамкорлик қилиш бўйича мажбуриятларини бир неча бор бузган.
Мустақил комиссия, шунингдек, кўрсатилган даврда “Манчестер Сити” яширин молиялаштириш схемаси доирасида бир қатор ҳомийлар билан сохта тижорий битимлар тузганини аниқлаган. Ушбу компаниялардан ҳомийлик бадалларининг фақат бир қисмини тўлаш талаб қилинган, сумманинг қолган қисми эса клубга эгалик қилган Abu Dhabi United Group Investment & Development Ltd (ADUG) компанияси томонидан қопланган.
Ушбу схема доирасида қўшимча сохта келишувлар тузилган (улар ҳам ADUG томонидан молиялаштирилган), бу клубга ҳисоботда операцион харажатларни амалдагидан камроқ миқдорда акс эттириш имконини берган. Бундан ташқари, “Fordham” компанияси иштирокида (клуб ўйинчиларининг қиёфасидан фойдаланиш ҳуқуқларини сотиб олган) сохта схема амалга оширилган бўлиб, у ҳам ADUG томонидан молиялаштирилган.
Ушбу схемаларнинг мақсади молиявий қоидаларга риоя қилинаётганидек таассурот қолдириш учун клуб даромадларини сунъий равишда ошириш ва харажатларини камайтириш (кўриб чиқилаётган давр учун умумий ҳисобда 900 миллион фунт стерлингдан ортиқ) бўлган. Комиссия аниқлаганидек, бунинг оқибатида клуб томонидан нотўғри ҳисоботлар тақдим этилган ҳамда аудиторлар ва футбол регуляторларидан ҳақиқий молиявий аҳвол яширилган. Комиссия “клуб ўз ҳаракатлари билан АПЛ қоидаларини четлаб ўтишни очиқчасига мақсад қилган” деган хулосага келган.
Натижада “Манчестер Сити” АПЛ қоидаларига, шунингдек, УЕФАнинг клубларни лицензиялаш ва молиявий fair play (ҳалол ўйин) қоидаларига мувофиқ ўз даромадлари ва харажатларининг тўғри акс эттирилишини таъминламаган. Комиссия агар барча тегишли келишувлар клубнинг молиявий ҳисоботида тўғри акс эттирилганида, бу лига ва УЕФА томонидан белгиланган харажатлар лимитининг сезиларли даражада ошириб юборилишига олиб келишини аниқлаган.
Бундан ташқари, Премьер-лига томонидан ўтказилган тўрт йиллик суриштирув давомида клуб лига билан ҳамкорлик қилиш ва ҳалол мулоқотда бўлиш бўйича ўз мажбуриятларини бир неча бор бузган. Комиссия клуб “Премьер-лига суриштирувини тўхтатиш ва унга тўсқинлик қилиш учун мақсадли ҳаракатларни амалга оширган” деган хулосага келган.
Клуб комиссия хулосалари юзасидан 2 октябргача шикоят бериш ҳуқуқига эга.
АПЛнинг маълум қилишича, эндиликда айбловлар ўз тасдиғини топгач, санкцияларни қўллаш масаласи мустақил комиссия иштирокидаги навбатдаги мажлисда алоҳида кўриб чиқилади. Лига қоидаларига мувофиқ, ушбу мажлис ёпиқ тартибда ўтади ва унинг натижаларини ошкор қилишга рухсат берилгунига қадар маҳфий бўлиб қолади.
Live
Барчаси