Яшнобод ҳокими ўзини ўзи 62 миллион сўм билан мукофотлади
Жамият
−
24 Декабрь
10404Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов ўз секторини “Энг ташаббускор сектор” номинацияси ғолиби, деб эълон қилди ва сектор раҳбари сифатида маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган ҳисобидан ўзини ўзи тақдирлаб, 61 млн 875 минг сўм ажратди. Бу ҳақда ҳоким 2024 йил 25 октябрь куни “Яшнобод тумани маҳаллий бюджетининг 2024 йил иккинчи чорак якунлари бўйича шаклланган маблағларни харажатга йўналтириш тўғрисида”ги қарорни имзолаган.
Ҳужжатга кўра, бунга Халқ депутатлари Яшнобод туман кенгашининг қарори асос қилиб кўрсатилган. Қарор билан Яшнобод тумани ҳокими 1-сектор раҳбари Б.Раҳмонқуловнинг “Энг ташаббускор сектор” номинацияси ғолиби бўлгани муносабати билан пул маблағлари билан тақдирлаш мақсадида туман маҳаллий бюджетининг 2024 йил 2 чорак якунлари бўйича орттирилган маблағлар ҳисобидан 61 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш белгиланган.
Маълумот учун, Бахтиёр Раҳмонқулов 1976 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 1997 йилда Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўшинлари муҳандислик билим юртининг қўмондонлик тактик автомобиль қўшинлари мутахассислиги бўйича ва 2008 йилда Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси академиясининг фуқаро муҳофазаси қўмондонлик-штаб тезкор-тактик бошқаруви соҳаси мутахассислигини тамомлаган. 2018 йилдан 2020 йилга қадар Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.