“Яшил оила”ларга ҳар йили лотерея орқали 14 та электромобиль берилиши мумкин

Жамият

image

“Яшил оила” мақомини олган оилалар ўртасида ҳар йили лотерея ташкил этилиб, 14 та электромобиль соврин сифатида тақдим этилиши мумкин. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги Президент фармони лойиҳасида сўз боради.

Ушбу давлат дастури лойиҳасида “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракатини ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, ушбу ҳаракат экофаол турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган.

Дастурга кўра, кунлик 10 минг қадам юришни тарғиб қилиш, велосипед каби яшил транспортни қўллаб-қувватлаш, пластик маҳсулотлардан фойдаланишни қисқартириш, озиқ-овқат исрофгарчилигини олдини олиш ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш асосий тамойиллар сифатида белгиланган.

Мазкур ҳаракат доирасида махсус рақамли платформа ишга туширилади. Бу платформа фуқароларни экофаол бўлишга рағбатлантириб, юқори натижаларга эришганларга “Экофаол фуқаро” мақоми берилишини таъминлайди. Ушбу мақом эгаларига давлат хизматлари учун 10% чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банклар орқали истеъмол кредитларида қулайликлар тақдим этилади.

Шунингдек, “Экофаол фуқаро” мақомини олган ҳар бир аъзо орқали оилалар “Яшил оила” мақомига эга бўлиши мумкин. Ушбу мақомни олган оилалар ўртасида ҳар йили лотерея ташкил этилиб, 14 та электромобил соврин сифатида тақдим этилади.

Бундан ташқари, аҳолининг камида ярми “Яшил оила” мақомини олган маҳаллаларда “Энг тоза маҳалла” ва “Энг яшил маҳалла” танловлари ўтказилади. Ғолиблар жамғармасига 41 минг доллар миқдорида маблағ ажратилади. Ушбу маблағ болалар майдончаларини қуриш, яшил боғлар яратиш ва чиқинди йиғиш инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилади.

Қонун лойиҳаси 22 январга қадар муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йилда АI-80 маркали бензин сотилиши чекланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, 2025 йил якунига қадар “Евро-4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш таклиф этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент фармони электромобиль Яшил оила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг