Япониядаги етакчи партия парламент сайловида мағлубиятга учради
Олам
−
28 Октябрь
1470Япония Либерал-демократик партияси (ЛДП) 70-йилда учинчи марта сайловда енгилди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Кеча, 27 октябрь куни Япониядаги парламент сайловида 1955 йилдан буён кичик танаффуслар билан етакчиликни сақлаб келаётган ЛДП-Komeito ўнг-марказ коалицияси қақшатқич мағлубиятга учради. Коалиция парламентдаги 64 та ўринни бой бериб, атиги 215 та ўринни сақлаб қолди.
Сўнгги маротаба коалиция 2009 йилда сайловни бой берганди.
Япония парламентида кўпчилик — 235 ўринни мухолифатчи партиялар кенг альянси қўлга киритди, булар орасида энг кўп овозни (148 та ўрин) либерал Конституцион-демократик партия тўплади. Мамлакат парламентида етакчилик учун 233 та ўрин кифоя.
Сигэру Исибанинг раисликка келиши ҳам, иқтисодий ревитализатсия бўйича ваъдалар ҳам (аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича Тайвань ва Жанубий Корея Японияни ортда қолдирган) либерал-демократларга ёрдам беролмади. Камига 2023-2024 йиллардаги коррупцион можаро ўлганнинг устига тепган бўлди. Ўшанда аниқланишича, ЛДПнинг мутасаддилари салкам 4 млн доллар сайловолди маблағларини ўзлаштириб олган.
Шунга қарамасдан, парламентда энди кўпчиликка айланган мухолифатчиларнинг иттифоқи курс ўзгаришини кафолатлай олиши шубҳа остида. “Japan Times” экспертларининг фикрича, ЛДП бир нечта майда партияни ўзига оғдириб, ҳукумат ишини фалажлаб қўйиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 октябрь куни Япония Бош вазири Сигэру Исиба Вакиллар палатасини тарқатиб юборганди. Парламентни тарқатиб юбориш 27 октябрда умумий сайлов ўтказиш учун замин яратган. 465 аъзоли қуйи палатанинг тарқатилиши Исибанинг лавозимга киришганидан атиги саккиз кун ўтиб содир бўлган ва бу урушдан кейинги Японияда энг тезкор шундай ҳолат сифатида қайд этилган. Бу орқали у мухолифатнинг сўнгги дақиқаларда уни тўхтатишга бўлган ҳаракатларини йўққа чиқарган. Мухолифат Бош вазирнинг ноқулай қароридан норози бўлган ва ҳукуматга қарши ишончсизлик вотуми киритган.