Япония ҳукумати парламентни тарқатиб юборди
Олам
−
10 Октябрь
2235Япония Бош вазири Сигэру Исиба кеча, 9 октябрь куни Вакиллар палатасини тарқатиб юборди. Бу ҳақда “Kyodo” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, парламентни тарқатиб юбориш 27 октябрда умумий сайлов ўтказиш учун замин яратади. 465 аъзоли қуйи палатанинг тарқатилиши Исибанинг лавозимга киришганидан атиги саккиз кун ўтиб содир бўлган ва бу урушдан кейинги Японияда энг тезкор шундай ҳолат сифатида қайд этилган. Бу орқали у мухолифатнинг сўнгги дақиқаларда уни тўхтатишга бўлган ҳаракатларини йўққа чиқарган. Мухолифат Бош вазирнинг ноқулай қароридан норози бўлган ва ҳукуматга қарши ишончсизлик вотуми киритган.
Қайд этилишича, расмий сайлов кампанияси 15 октябрда бошланади. Палата спикери Фукуширо Нукага тарқатилиш ҳақида эълон қилганида палата аъзолари ўринларидан туриб “банзай” деб бақирган. Бу уларнинг ҳозирги муддати тугаганини тан олишнинг одатий усули ҳисобланади.
“Бу сайловнинг мақсади Япония жамиятининг йўналишини тубдан ўзгартириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни халқ томонидан маъқуллашга эришишдир”, деди Исиба.
Нашрга кўра, Исиба партия шамоли уларга қарши эсаётганини тан олган, лекин ЛДП ва Комэйто коалицияси бўлажак сайловда 465 ўриндан кўпчилигини қўлга киритишига ишонч билдирган.
Палатани тарқатишдан олдин парламентда бир-бирига қарши баҳсда Япония Конституциявий-демократик партияси раҳбари Йосихико Нода Исибани сайловчилар эътиборини “яширин пул” масаласидан чалғитишга уринишда айблаган. Бу ЛДП аъзоларининг сиёсий маблағларни тўғри ҳисобга олмаганликлари билан боғлиқ бўлган.
Маълумот учун, Япония Конституциясига кўра, Бош вазирлар палатани ўз хоҳишига кўра тарқатиш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Токиода бўлиб ўтган Вакиллар палатасининг ялпи мажлисида Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партиясининг янги раҳбари Сигэру Исиба Бош вазир этиб сайлангани хабар қилинган эди.