Японияда ўзбек тили бўйича дарслик нашр этилди
Жамият
−
08 Январь
4366Токио чет тиллар университети кичик илмий ходими Хидака Синсуке томонидан “Янги экспресс + ўзбек тили” номли ўқув қўлланма ишлаб чиқилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ушбу дарслик лотин алифбоси асосида ёзилган бўлиб, 160 саҳифа ва 20 та дарсдан иборат. Дарслик ўзбек тилини бошланғич босқичда ўрганувчилар учун мўлжалланган бўлиб, ўзбек тили грамматикаси ҳақида тушунча беради.
Шу билан бирга, оғзаки нутқни ривожлантириш учун аудио дарслар тайёрланган. Муаллифнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда китобни ўрганган одам таржимонсиз саёҳат қилиш ёки иш сафари қилиши мумкин бўлади.
Қўлланма 2024 йил 29 январда сотувга чиқарилади.
Хидака Синсуке 2007 йилдан буён ўзбек тилини ўрганмоқда, 2014-2016 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясида илмий тадқиқот олиб борган, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Ўзбекистон-Япония марказида япон тилидан дарс берган.
2021 йил апрель ойидан бошлаб Токио чет тиллар университетининг “Очиқ Академия” дастури асосида ўзбек тили курсларини ташкил этиб келмоқда. Хусусан, у ўзбек тили филологиясига оид “Ўзбек тилида тахмин ёки имкониятни ифодаловчи таҳлилий иборалардаги фарқлар” ва бошқа мавзудаги 20 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи ҳисобланади.