Японияда кучли ёмғир олти кишининг умрига зомин бўлди (фоторепортаж)
Олам
−
11 Июль 2023
3391Япониянинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Кюсю минтақасида кучли ёмғир ортидан юзага келган кўчки ва сел оқибатида камида олти киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтган ҳафта охиридан бери Япониянинг жануби-ғарбий қисмида кучли ёмғир ёғади. Ойта, Сага ва Фукуока префектураларининг баъзи ҳудудларида ёғингарчилик даражаси 55 миллиметр/соатдан 92 миллиметр/соатгача бўлган. Бу дарё тошқинлари ва кўчкиларга олиб келган.
Табиий офат оқибатида ҳозирча олти киши ҳалок бўлгани, икки киши жароҳат олгани, яна уч киши бедарак йўқолгани айтилмоқда. Ғойиб бўлганларни излаш жараёнлари ҳали давом этмоқда.
Япония метеорология агентлиги (ЯМА) маълумотларига кўра, давлатнинг жануби-ғарбий провинцияларида ёғингарчилик рекорд даражага етган. Маҳаллий ҳокимият ўн минглаб одамларни эвакуация қилишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Ҳиндистон шимолида ҳам сув тошқинлари юзага келмоқда. Бунинг оқибатида ҳозиргача 20 дан зиёд киши ҳалок бўлган.
LiveБарчаси