Японияда дунёдаги биринчи виртуал мактаб очилди (видео)
Бу қизиқ
−
24 Январь 2024 8112 1 дақиқа
Японияда талабаларга виртуал таълимни таклиф қилувчи биринчи масофавий мактаб очилди. Бу ҳақда “Мир24” нашри хабар берди.
Ушбу мактабда ўқиш жараёни жорий йилнинг апрель ойидан бошланади. Энди болалар мамлакатнинг исталган нуқтасидан дарсларга қатнашиши мумкин. Бунинг учун барча жиҳозлар уларга ташкилотчилар томонидан тақдим этилади.
Билдирилишича, виртуал мактаб ўқув дастури Япония таълим қонуни стандартларига мос келади. Одатдагидан фарқли ўлароқ, асосий эътибор электрон спорт ва рақамли технологияларга оид фанларга қаратилади.
Мутахассислар бу шаклдаги дарслар нафақат жараённи осонлаштиради, балки болаларнинг ўқишга бўлган қизиқишини ҳам оширади, деган фикрда. Чунки бу худди онлайн ўйинга ўхшайди. Ҳар бир талаба мустақил равишда дарсларда қатнашадиган аватарини танлайди. Шунингдек, ўсмирлар бу виртуал оламда ташқи кўриниш ҳақида қайғуришларига ҳожат қолмайди.
Ўқув дастури, шунингдек, тренинг дарслар, маслаҳатлар, киберспорт турнирлари, маданий тадбирлар, фестиваллар ва бошқа мактаб тадбирларини ўтказишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларига индивидуал ёндашув, қўшимча курслар ва Токио университетига киришга тайёргарлик ваъда қилинади. Ўқишни тугатгандан сўнг битирувчилар ўрта мактабнинг намунавий аттестатига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг Кумамото шаҳридаги мактаб маъмурияти дарсга келмаган ўқувчилар ўрнига дарсга қатнашадиган иккита механик ёрдамчиларни сотиб олганди.
Live
Барчаси