Япония Фукусимадаги радиоактив сувни океанга чиқаришни бошлади

Олам

image

Япония бугун, 24 август куни вайронага айланган Фукусима атом электр станциясидан 1 миллион метр кубдан ортиқ тозаланган радиоактив сувни океанга чиқаришни бошлади. Бу ҳақда “Reuters” нашри маълум қилди.

“Мен Tokio Electric Power Company (станцияни бошқарувчи компания)дан режага мувофиқ сувни оқизишга тезда тайёргарлик кўришни сўрадим ва об-ҳаво шароити имкон берса, сувни чиқариш 24 августда бошланишини айтдим”, деди Бош вазир Фумио Кишида.

Аммо балиқчилик билан кун кўрувчи гуруҳлар бу режага қарши. Улар радиоактив сув тирикчиликларига путур етказишидан қўрқмоқда.

Маълумотларга кўра, 24 августдан бошлаб чиқариладиган сувнинг биринчи партияси тахминан 17 кун ичида жами 7800 куб метрни ташкил қилади. Бу сув бир литрда тахминан 190 беккерел (радиоактивлик бирлик) тритийни ўз ичига олади. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг литрига 10 000 беккерел ичиш чегарасидан паст ва шу сабабли ҳам Япония бу сувни чиқариш хавфсиз эканлигини айтмоқда. 

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ядровий назорат органи бўлган Халқаро атом энергияси агентлиги (MAGATE) июль ойида режанинг халқаро стандартларга жавоб беришини, унинг одамлар ва атроф-муҳитга таъсири “арзимас” эканини айтган.

“MAGATE ва бошқа кўплаб давлатлар бу хавфсиз эканини айтди, шунинг учун мен бунга ишонаман. Лекин балиқчилар жуда кўп муаммоларга дуч келмоқда. Шу сабабли Япония ҳукумати уларни рози қилиш учун нимадир қилиши керак”, дейди 77 ёшли нодавлат ташкилот ходими Хироко Хашимото.

Ушбу миссияга Хитой ҳам буткул қарши. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин бу ҳаракатни “ўта худбинлик” деб атади. Унинг сўзларига кўра, Хитой бу қарордан қаттиқ хавотирда ва расмий шикоят билан чиққан.

“Хитой денгиз муҳитини, озиқ-овқат хавфсизлигини ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўради”, деди Ван. 

Япония эса сувдан радиоактив элементларнинг кўпини олиб ташлашини айтмоқда. Аммо водород изотопи тритий бундан мустасно. Чунки уни фильтрлаш учун суюлтириш керак, бу эса қийин жараён.

Расмийларга кўра, сувни оқизишдан кейин биринчи синов натижалари сентябрь ойи бошида олинади. Шунингдек, завод яқинидаги сувларда балиқлар синовдан ўтказилади ва синов натижаларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги веб-сайтига жойлаштиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония электр станцияси Фукусима радиоактив сув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг