Япония Бош вазири ҳукмрон партия фракциясини тарк этди
Олам
−
23 Январь
3153Япония Бош вазири Фумио Кисида сиёсий маблағ билан боғлиқ можаро туфайли ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЛДП) фракциясини тарқатиб юбориш қарорини расман маъқуллади. Бу ҳақда "Kyodo" агентлиги хабар берди.
Жорий йилнинг 19 январь куни Кисида “Мен буни текширяпман. Агар унинг амалга оширилиши аҳолининг сиёсатга ишончини тикласа, биз бу вариантни кўриб чиқишимиз керак”, деган эди.
Маълумот ўрнида, мамлакатда урф бўлган сиёсатчиларнинг зиёфат уюштириши орқали йиғиладиган маблағ юзасидан жанжал келиб чиққан. Бундай тадбирларга, асосан, ишбилармонлар чипта сотиб олади. Ҳар бир фракция анъанавий тарзда бундай чипталар сони бўйича квота ўрнатади ҳамда бир чипта 20 минг йен (тахминан 136 доллар) туради. Квотадан ортиқ маблағ ЛДП қонун чиқарувчиларига ўтказилиши лозим, аммо молиявий ҳисоботда акс эттирилмай, махфий фонд сифатида ҳам ишлатилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабрь ойи бошларида сиёсий хайриялар билан боғлиқ қонунларнинг бузилишига алоқадор можаро Бош вазир Фумио Кисиданинг Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси (ЛДП) фракцияси раҳбари лавозимидан истеъфога чиқишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Шунингдек, можаролар фонида Япония Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби бўлган Матсуно ва Иқтисодиёт ва саноат вазири Ясутоси Нисимура лавозимини тарк этган, депутат Ёситака Икеда ҳибсга олинган эди.
Ҳозирда Япония прокуратураси сиёсий эҳсонларни йиғишдаги қонунбузарликлар билан боғлиқ катта жанжал фонида тергов олиб бормоқда.