Январь воқеалари иштирокчиларига амнистия бериш тўғрисида қонун ишлаб чиқилди
Олам
−
26 Сентябрь 2022
4421Қозоғистон Бош прокуратураси январь воқеалари иштирокчиларига амнистия тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Ҳужжат “Очиқ ҳуқуқий ҳужжатлар” порталида эълон қилинди.
“Кичик ва ўрта оғирликдаги жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан тўлиқ озод қилиш таклиф этилмоқда. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларнинг жазо муддати қисқартирилиши мумкин”, дейилади қонун лойиҳаси матнида.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси давлатга хиёнат қилиш, оммавий тартибсизликлар уюштириш, коррупция, террорчилик, экстремистик жиноятлар, қийноқлар билан боғлиқ жиноятларни содир этган, шунингдек, такроран жиноят содир этган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Маълум қилинишича, январь воқеалари бўйича дастлабки тергов органлари томонидан амнистияга оид 391 жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Улар доирасида 383 нафар гумондор ва судланувчи бор. Суд 102 кишига тааллуқли 36 та ишни кўриб чиқишни бошлаган.
1035 нафар шахс судланган бўлиб, улардан 93 нафари озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаяпти, 930 нафари шартли жазода, 3 нафари жаримага тортилган, 9 нафари жамоат ишларига жалб қилинган.
Қайд этилишича, ҳужжатни ишлаб чиқишга президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг январь воқеалари иштирокчиларига нисбатан бир марталик амнистия қўллаш тўғрисидаги топшириғи асос бўлган.
Маълумот ўрнида, январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилди. Тўқев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу ҳодисалар натижасида 238 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь