Январь воқеалари иштирокчиларига амнистия берилади
Олам
−
01 Сентябрь 2022
6273Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда жорий йил бошида содир бўлган “Қонли январь” воқеалари иштирокчиларига амнистия эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 1 сентябрь куни халққа қилган Мурожаатида айтган.
Қозоғистонга миллий бирлик сув ва ҳаводек керак, деган давлат раҳбари.
“Қонли январь” кунлари ҳуқуқ-тартибот тизими учун жиддий синов бўлди. Кейин провокаторлар таъсири остида митинглар оммавий тартибсизликларга айланиб, кейинчалик давлатга қарши қўзғолон характерига эга бўлди.
Кўплаб қўзғатувчилар шартли ёки енгил жазолар билан қутулишди. Бироқ, уларнинг айби даражаси анча юқори, чунки бу одамлар вазиятни атайлаб кескинлаштирган ва фожиа билан якунланган вазиятнинг кескинлашишида асосий роль ўйнаган”, дейди Президент.
Унинг қайд этишича, эндиликда кўплаб талаб ва таклифлардан келиб чиқиб, оммавий тартибсизликларни қўзғатганлик учун жазони кучайтирилади. Ваколатли органлар ушбу масалани ўрганиб, аниқ чоралар кўриши керак.
“Ҳар қандай оммавий провокация ва ноқонуний хатти-ҳаракатларга кескин жавоб беришимиз керак. Бундай бузғунчи хатти-ҳаракатларга йўл қўйган, қонунни бузишга даъват қилаётган инсонлар оғир жазодан қутула олмайди”, дейди Тўқаев.
У сўзида давом этаркан, плюрализм ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашини, бироқ давлатга қарши тўнтариш даврида булар иккинчи планга чиқишини урғулаган.
“Биз сиёсий плюрализмга ҳа, экстремизм, бандитизм, безориликка қатъий йўқ деймиз” деган умумий тамойилимизни бутун жамиятга эслатиб ўтмоқчиман.
Мақсадли провокациялар бошланган жойда сўз эркинлиги ва фикр плюрализми ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бу жамият барқарорлиги ва хавфсизлигига тажовуз, давлат пойдеворини силкитишга уринишдир”, дейди Тўқаев.
Унинг қайд этишича, бугун Қозоғистогн халқига ҳар қачонгидан ҳам бирдамлик керак. Намойишчилар ҳам, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам нафақат холис адолатдан, балки жамиятнинг меҳр-оқибатидан умидвор бўлмоқда.
“Давлат январь воқеаларида оғир жиноят содир этмаган иштирокчиларга нисбатан жазони енгиллаштирган. Қонунни бузганларнинг кўпчилиги ўз айбини англаб, қилмишларидан пушаймон бўлди. Менимча, улар иккинчи имкониятга лойиқ. Шунинг учун мен январь воқеалари иштирокчиларига нисбатан бир марталик амнистия ўтказишга қарор қилдим”, дейди Президент.
Унинг алоҳида урғулашича, амнистия тартибсизликларни уюштиришда иштирок этган асосий айбланувчиларга, шунингдек давлатга хиёнат ва ҳокимиятни зўравонлик билан алмаштиришга уринишда айбланаётганларга таъсир қилмайди.
Террорчилик ва экстремистик жиноятларни содир этган шахслар, рецидивистлар, қийноқлар қўллаган шахслар амнистияга тушмайди.
“Инсонпарварлик кўрсатиш орқали биз халқ сифатида бу фожиадан сабоқ олиб, унинг такрорланишига йўл қўймаймиз.
Январь воқеалари чоғида ҳалок бўлган, оғир моддий аҳволда қолганларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатилади. “Қозоғистон халқига” жамғармаси ҳам бу эзгу ишга муносиб ҳисса қўшади, деб ўйлайман”, дейди Президент.
Хулоса қилинишича, январь фожиасининг муҳим сабоқлари жамоат хавфсизлигини сезиларли даражада ошириш зарурлигини англатади.
Маълумот ўрнида, январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилди. Тўқев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу ҳодисалар натижасида 238 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь