Қозоғистонда собиқ вазир “Қонли январь” иши бўйича 2 ойга ҳибсга олинди
Олам
−
03 Май
2639Қозоғистондаги Остона суди республиканинг собиқ ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаевни ҳибсга олишга рухсат берди. Бу ҳақда республика Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
У 2022 йил январидаги оммавий тартибсизликларда айбланмоқда.
“Ихтисослаштирилган тергов суди Е.З.Турғумбаевга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллашга рухсат берди”, дейилади хабарда,
Шундай қилиб, собиқ вазирнинг кейинги икки ойни тергов ҳибсхонасида ўтказиши белгиланди.
Қайд этиш жоизки, унинг қўлга олиниши мамлакатда 2022 йил январда юз берган тартибсизликлар бўйича ўтказилган тергов билан боғлиқ. Илгари у бу ишда гувоҳ сифатида иштирок этган.
Ерлан Турғумбаев Қозоғистон Ички ишлар вазирлигида 1984 йилдан буён ишлаб келган. Йиллар давомида у Шимолий Қозоғистон вилояти, Олмаота полицияси бошлиғи, Тергов қўмитаси раиси бўлган. 2012 йилда Ички ишлар вазири ўринбосари бўлди. 2019 йилдан Ерлан Турғумбаев Ички ишлар вазирлигини бошқаришни бошлади. 2022 йилнинг февралида у лавозимидан озод этилган.
Ўша йилнинг январь ойида Олмаота ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларида суюлтирилган газ нархи ошиши сабабли оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Олмаотада намойишлар қуролланган одамлар иштирокидаги тартибсизликларга айланган, намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлгани хабар қилинган. Расмий маълумотларга кўра, ушбу тартибсизликларда 238 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Ерлан Турғумбаев 30 апрель куни оғир оқибатларга олиб келган ваколат ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси бўйича ҳибсга олинганди. Давлат сирларини ўз ичига олган маълумотлар мавжудлиги сабабли ишнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаяпти.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь