Қозоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири “январь воқеалари” бўйича қўлга олинди
Олам
−
30 Апрель
5630Қозоғистонда собиқ ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев қўлга олинди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси хабар берди.
Қайд этилишича, унинг қўлга олиниши мамлакатда 2022 йил январда юз берган тартибсизликлар бўйича ўтказилган тергов билан боғлиқ. Илгари у бу ишда гувоҳ сифатида иштирок этган.
Ерлан Турғумбаев оғир оқибатларга олиб келган ваколат ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси бўйича ҳибсга олинган. Давлат сирларини ўз ичига олган маълумотлар мавжудлиги сабабли ишнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаяпти.
Ерлан Турғумбаев Қозоғистон Ички ишлар вазирлигида 1984 йилдан буён ишлаб келган. Йиллар давомида у Шимолий Қозоғистон вилояти, Олмаота полицияси бошлиғи, Тергов қўмитаси раиси бўлган. 2012 йилда Ички ишлар вазири ўринбосари бўлди. 2019 йилдан Ерлан Турғумбаев Ички ишлар вазирлигини бошқаришни бошлади. 2022 йилнинг февралида у лавозимидан озод этилган.
Ўша йилнинг январь ойида Олмаота ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларида суюлтирилган газ нархи ошиши сабабли оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Олмаотада намойишлар қуролланган одамлар иштирокидаги тартибсизликларга айланган, намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлгани хабар қилинган. Расмий маълумотларга кўра, ушбу тартибсизликларда 238 киши ҳалок бўлган.