Горбачёвнинг Озарбайжондаги қирғини. “Қора январь” воқеасига 35 йил тўлди
Таҳлил
−
20 Январь
798820 январь воқеалари Озарбайжон халқининг ёдида “Қора январь”, “Қонли январь” ёки оддийгина “20 январь” деб номланган қаҳрамонлик ва фожиа билан боғлиқ тарихий воқеа сифатида сақланиб қолган. 1990 йил 19 январь кечаси соат 23:30 атрофида СССРнинг турли ҳарбий қисмлари фавқулодда ҳолатни эълон қилмасдан, тўсатдан Баку шаҳрига бостириб кириб, мустақиллик йўлида кўчалар ва майдонларда йиғилган тинч аҳолига шафқатсизларча ҳужум қилди. Оқибатда юзлаб тинч ва қўлида ҳеч қандай қурол бўлмаган одамлар ўлдирилди, жароҳатланди ёки изсиз йўқолди. Фавқулодда ҳолат эълон қилинганидан олдин, совет ҳарбийлари Баку шаҳрида 82 одамни шафқатсизларча ўлдирган, 20 нафари жиддий жароҳатланган эди. Фавқулодда ҳолат эълон қилинганидан кейин, 20 январь ва кейинги кунларда шаҳарда яна 21 одам ўлдирилди. Фавқулодда ҳолат қўлланмаган бошқа ҳудудларда ҳам 25 январь куни Нефтечала ва 26 январь куни Ленкорань шаҳарларида 8 тинч фуқаро ўлдирилганди.
Бу даҳшатли воқеалардан бизни атиги 35 йил ажратиб турибди. Бу қисқа вақт давомида Озарбайжон мустақилликка эришиб, ўзининг мустақил давлатини барпо этди ва катта ривожланиш йўлини босиб ўтар экан, жаҳон мамлакатлари орасида ўзига хос ўрнига эга бўлди. Бу даврда шафқатсиз қирғин оқибатида ҳаётини йўқотган болалар хотираси ҳар доим халқ ва давлат томонидан ёдда тутилган, ҳар йили одамлар “Шаҳидлар хиёбони”га тўпланиб, озодлик ва мустақиллик йўлида жонини фидо қилган шаҳидларни ҳурмат билан эслайди. Озарбайжон халқининг 20 январь шаҳидларига бўлган ҳурмат ва эҳтироми, албатта, унинг курашчан ва қаҳрамон руҳининг, миллий ифтихорининг аксидир, аммо бу масалада Озарбайжон олиб бораётган адолатли ва тўғри сиёсатининг ролини ҳам инкор этиб бўлмайди. Озарбайжон 1993 йилдан бошлаб 20 январь ҳодисасига, унинг тарихий ва ижтимоий-сиёсий мазмунига доимо алоҳида эътибор қаратган. Январь шаҳидларининг хотирасини улуғлаб, уларнинг махсус мақомини сақлаб қолган. Ўша кечаси Совет раҳбариятининг буйруғи билан Озарбайжон халқига қарши қуролланган 65 минг ҳарбий куч, хусусан асли арман аскарлари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз шаҳарга беш томондан кириб келди. Танклар ва зирҳли машиналар одамларни эзиб ташлаб, гўёки ўзлари билмаган ҳолда ҳаммага қарата ўқ узди. 20 январь ва ундан кейинги кунларда Баку, Нефтечала ва Ленкоранда жами 147 киши ҳалок бўлди, 744 киши яраланди, 800 дан ортиқ киши ҳибсга олинди.
Бугунги кунда ҳам ушбу даҳшатли фожианинг минглаб тирик гувоҳлари бор. Совет Иттифоқи қўшинларининг Озарбайжонда содир этган ҳарбий жинояти, шу билан бирга, озарбайжонликлар “букилмаслигининг” энг таъсирчан далилларидан бири ўша даврдаги суратлардир. Бакунинг қонга ботган кечаси, бегуноҳ одамларнинг кўчалардаги жасадлари, шаҳидлар дафн маросимидаги оломон тасвирланган бу суратлар ўша кунларнинг дардини яна бир бор ёдга солади.
20 январь Озарбайжон тарихига ҳам фожиа, ҳам қаҳрамонлик достони сифатида ёзилди. Шаҳидлар дафн маросимига йиғилган оломон халқ бошидан кечирган чуқур қайғуни, айни пайтда унинг миллий бирлигини, бир мақсад йўлида нақадар чамбарчас бирлашганини бутун дунёга намойиш этди. Бу лаҳзаларни абадийлаштирадиган суратларда Озарбайжон тарихининг ҳам машаққатли, ҳам фахрли саҳифалари акс этган.
Озарбайжоннинг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев таъкидлаганидек, 20 январнинг тарихдаги аҳамияти вақт ўтиши билан янада яққолроқ кўзга кўринади. 1990 йил 20 январда Озарбайжон халқи озодлик ва мустақиллик учун курашда илк шаҳидларини берди.
Бундан ўттиз беш йил аввал бошланган машаққатли ва шонли ҳаракат Озарбайжонни 1991 йил 18 октябрда давлат мустақиллигига олиб келди. 2020 йилда 44 кунлик “Ватан уруши”да қўлга киритилган буюк Қорабоғ ғалабаси ва 2023 йил сентябрь ойида амалга оширилган аксилтеррор чоралари натижасида мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети тўлиқ тикланди. Шу боис Озарбайжон халқи 20 январь фожиасининг 35 йиллигини алоҳида ғурур ва ифтихор билан нишонламоқда.
Ўша совуқ қиш кечаси совет аскарлари томонидан одамлар отиб, ўққа тутилиб, танклар остида тор-мор этилгани, аслида, халқнинг озодлик, мустақиллик йўлидаги илк катта қадами эди.
Фожиадан сўнг Озарбайжон тўлиқ ахборот блокадасига ўтказилади. Ушбу ахборот блокадасини ўша пайтда Москвада яшаган мамлакат лидерларидан бири Ҳайдар Алиев бузди. Фожиа юз берган тонгда – 21 январь куни Ҳайдар Алиев оила аъзолари билан бирга Озарбайжоннинг Москвадаги доимий ваколатхонасига келиб, она халқи билан бирдамлигини намойиш этди, раҳбарият томонидан амалга оширилган бу қонли операцияга кескин қаршилигини билдирди. У бу қонли жиноятга қарши норозилик овозини баланд қилиб, Озарбайжонда содир бўлган воқеалар қонунга, демократияга ва инсонпарварликка зид эканини таъкидлади. Унинг 20 январь воқеаларига оид баёноти натижасида СССР раҳбарияти томонидан Озарбайжон халқига нисбатан ана шундай даҳшатли, ўзгача шафқатсизлик билан амалга оширилган давлат терроридан дунё аҳли хабардор бўлди.
Ўша йилнинг 20 ноябрида Нахичевань Мухтор Республикаси Олий Мажлисининг сессиясида Ҳайдар Алиев 20 январь фожиасини Озарбайжон халқининг суверен ҳуқуқларига тажовуз сифатида баҳолади.
“Менимча, 19-20 январь кунлари содир бўлган бу фожиа Совет Иттифоқи сиёсий раҳбариятининг, шахсан Горбачёвнинг катта гуноҳи оқибатидир, бу унинг диктаторлик тенденциялари туфайли юзага келган вазиятдир. Шу билан бирга, бу халқнинг хиёнати ва Озарбайжон раҳбарларининг жинояти оқибатидир. Бу Озарбайжон халқига қарши ҳарбий тажовуз, Озарбайжон халқига нисбатан ҳақорат, жиноятдир”, деган эди у.
20 январга ўтар кечаси Озарбайжон халқининг озодлик ва ғалаба йўлининг пойдевори қўйилди. Бу даврда Озарбайжон мислсиз тараққиёт йўлини босиб ўтди ва минтақада ҳам, жаҳонда ҳам нуфузли давлатга айланди. Орадан вақт ўтган бўлса-да, ўзгармаган ягона нарса – халқнинг шаҳидларга кўрсатаётган ҳурмат ва эҳтироми сақланиб қолди. Ушбу фожиадан сўнг, “Шаҳидлар хиёбони” озарбайжонликларнинг муқаддас зиёратгоҳларидан бирига айланди. Баку шаҳрининг энг баланд чўққиларидан бирида жойлашган бу муқаддас маскан уларнинг миллий қайғуси, уларнинг кураши ва енгилмас иродаси рамзидир.
LiveБарчаси