Путин, Лукашенко ва Раҳмон Алиевни Москвага келишга кўндирди

Олам

image

Кеча, 15 март куни Москвада норасмий учрашув ўтказган Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь резиденти Александр Лукашенко ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилди. Бу ҳақда Кремль ва Алиевнинг матбуот хизматлари хабар берди.

“Илиқ ва дўстона руҳда ўтган суҳбатда Президентлар давлатлараро муносабатларни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Владимир Путин Илҳом Алиевни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган тантанали тадбирларга таклиф қилган. Президент Алиев таклиф учун миннатдорлик билдирган.

“Давлат раҳбарлари Москвада Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тадбирларда учрашишга келишиб олди”, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоиз, 2024 йилнинг 25 декабрь куни Баку-Грозний йўналишида парвоз қилган Озарбайжонга тегишли Embraer 190 самолёти қулаши ва кўплаб одамларнинг ҳалок бўлиши ортидан Озарбайжон ва Россия орасидаги муносабатлар бироз совуқлашган. 

Кремль воизи Дмитрий Песковнинг айтишича, Путин  Алиевга икки марта қўнғироқ қилиб, Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолёти билан боғлиқ фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўраган.

Алиев авиаҳалокат оқибатида вафот этган экипаж аъзолари – капитан Игорь Кшнякин, учувчи Александр Калянинов ва стюардесса Ҳўкума Алиеванинг видолашув маросимидаги иштироки чоғида Россия Озарбайжондан кечирим сўрашдан ташқари, ўз айбига иқрор бўлиши, айбдорларни жазолаш, жиноий жавобгарликка тортиш ва Озарбайжон давлатига, жароҳатланган йўловчилар ва экипаж аъзоларига товон тўлаш кераклигини айтди. Алиевга кўра, бу Озарбайжоннинг шартлари. Улардан фақат кечирим сўраш талабигина бажарилди, холос.

Ҳозирда самолёт ҳалокати бўйича дастлабки ҳисобот эълон қилинган, якуний ҳисобот эса шу йилнинг декабригача эълон қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Озарбайжон Илҳом Алиев Имомали Раҳмон Александр Лукашенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг