Янгийўлда хонадонида кобра боқиб келган шахс илонларни очиққа қўйиб юборди
Жамият
−
03 Октябрь
15257Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Туябуғуз” МФЙ ҳудудида илонлар қўйиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат бўйича Тошкент вилояти Экология бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, кеча, 2 октябрь куни Янгийўл тумани “Туябуғуз” МФЙ ҳудудида фуқаронинг хонадонида сақланган кобра илонларни қўйиб юборилганлиги ҳолати бўйича туман Экология бўлими, туман Ички Ишлар бўлими, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, туман Ободонлаштириш бўлими ходимлари ҳамда МФЙ раиси ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳ тузилган.
Аниқланишича, туманнинг “Туябуғуз” МФЙ ҳудудида яшовчи 1980 йилда туғилган фуқаро Н.Ю. ўзи яшаётган хонадонида 30 дан ортиқ “Осиё кобра” илонларини тегишли рухсатномаларсиз сақлаб келган. Номаълум сабабларга кўра, фуқаро Н.Ю. хонадонида сақланаётган илонлар очиққа қўйиб юборилган. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли томонидан аниқланиб, 2 та кобра илони тутиб ўлдирилган.
“Ҳозирги вақтда ишчи гуруҳ томонидан шу яқин атрофда яшовчи аҳоли хонадонларида дорилаш ишлари олиб борилиб, уй ҳайвонларини вақтинча тутқунликда сақлаб туриш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Фуқарога нисбатан ИИБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинади. Ҳолат юзасидан батафсил маълумот берилади”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси