Янги йилда Украинадаги уруш тақдири ҳал бўлади – Ермак
Олам
−
14 Ноябрь 2023
9184Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак 2024 йил Украинадаги урушда ҳал қилувчи палла бўлишини айтди. Бу ҳақда у 13 ноябрь куни Вашингтондаги Гудзон институтидаги чиқишида айтиб ўтди.
"Бурилиш нуқтаси яқинлашмоқда ... Келгуси йил ҳал қилувчи палла бўлади", деган Ермак.
Ермакнинг фикрича, Украинани ҳам қийин қиш кутмоқда. Унинг таъкидлашича, Киев "ҳозирда қуролга муҳтож", айниқса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари. Шу билан бирга, идора раҳбари Украина расмийлари Ғарбдан олинган қуролларнинг "ҳар бири учун ҳисоб беришга қодир" деб айтган.
Маълумот учун, кеча, 13 ноябрь куни Вашингтонга ташриф буюрган Андрей Ермак президент Байден маъмурияти ва Давлат департаменти билан бир қатор муҳим учрашувлар ўтказган.
Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Ермак билан ёпиқ учрашувда қиш ойлари яқинлашаётган пайтда Украина эҳтиёжларини қўллаб-қувватлашни давом эттириш чораларини муҳокама қилган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда эса Украина делегацияси фронтдаги вазият ва Украина Қуролли кучларининг, хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига бўлган шошилинч эҳтиёжларини муҳокама қилган.
Украина делегацияси билан учрашувда АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд ва Давлат котибининг Шарқий Европа бўйича ёрдамчиси ўринбосари Крис Смит ҳам иштирок этган.
Ермакнинг Telegram'да ёзишича, Россиянинг жорий қишда Украинанинг энергетика инфратузилмасига ҳужумлари кучайиши ҳам кутиляпти.
"Украинага шаҳарларни, муҳим инфратузилма объектларини, шунингдек, дон йўлакларини ҳимоя қиладиган ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа тизимлари керак", дейди Андрей Ермак.
Украина Бош вазирининг биринчи ўринбосари ва Иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко бошчилигидаги Украина делегацияси эса америкалик ҳамкасблари билан Украина ва Қўшма Штатлар ўртасида 12 июль куни Вилнюсда имзолаган G7 қўшма декларациясини қўллаб-қувватлаш бўйича хавфсизлик кафолатлари бўйича икки томонлама битим тузиш масаласини муҳокама қилган.
Шунингдек, Россия Федерациясига қарши санкциялар ва музлатилган Россия активларини Украинани тиклашга йўналтириш механизми масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Бугун, 14 ноябрь куни Украина делегацияси америкалик конгрессменлар ва сенаторлар билан учрашиб, уларни Исроил ва Украинага ёрдамни бир пакетда ажратиш учун овоз беришга ишонтириши режалаштирилган.
Украина делегациясининг Қўшма Штатларга ташрифи Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (ASEAN) раҳбарларининг Сан-Францискода бўлиб ўтадиган йиғилиши олдидан амалга оширилмоқда, унда АҚШ Президенти Жо Байден Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Глобал Жануб етакчилари билан учрашиб, хавфсизлик архитектураси ва халқаро вазиятни муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Валерий Залужний мамлакатдаги можаро боши берк кўчага кириб қолганини айтганди. Кейинчалик Президент Владимир Зеленский буни рад этиб, фронтдаги вазиятни боши берк кўчада, деб ҳисобламаслигини айтганди. Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба эса унинг мамлакати "тарихдаги энг ёмон қишга" тайёрланаётганини ва ўзи аллақачон шам сотиб олганини билдирганди.
LiveБарчаси