Янги Тошкентдаги аэропорт сабаб 7 та қабристон кўчирилади

Жамият

image

Тошкент вилоятидаги Янги Тошкент халқаро аэропорти қуриладиган ҳудудда жойлашган 7 та қабристон кўчирилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг жорий йил 15 сентябрдаги “Янги Тошкент халқаро аэропорти” қурилиши ҳудудида жойлашган айрим қабристонларни кўчириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, қуйидаги фаолияти тўхтатилган қабристонлар кўчирилади:

Қуйи Чирчиқ тумани бўйича:

  • “Сергели” МФЙ ҳудудида жойлашган “Сергели болалар” қабристони;
  • “Сергели” МФЙ ҳудудида жойлашган “Корейс” қабристони.

Ўрта Чирчиқ тумани бўйича:

  • “Янгийўл” МФЙ ҳудудида жойлашган “Сувон бағиш” мусулмон қабристони;
  • “Янгийўл” МФЙ ҳудудида жойлашган “Қудойқул” мусулмон қабристони;
  • “Янгийўл” МФЙ ҳудудида жойлашган “Қудойқул” корейс қабристони;
  • “Янгийўл” МФЙ ҳудудида жойлашган “Сариктепа” корейс қабристони;
  • “Янгийўл” МФЙ ҳудудида жойлашган “Борис” рус христиан қабристони.

Қайд этилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026 йил 10 апрелдаги 05-01/1143-сонли хулосасига мувофиқ, қабрлардаги марҳумлар жасадлари тупроққа айланганлиги эҳтимоли мавжуд бўлган ҳолларда ушбу ҳудудлардан белгиланган тартибда фойдаланиш мумкин. Қуйи Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманлари Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларининг ижобий санитария хулосалари маълумот учун қабул қилинган.

Қарорга кўра, қабрлар очилганда аниқланган суяк қолдиқлари эҳтиёткорлик ва ҳурмат билан йиғилиб, белгиланган тартибда бошқа қабристонларга қайта дафн этилади. Шунингдек, қабристонларни кўчириш ишлари санитария-эпидемиология, экологик, архитектура, диний ва жамоатчилик талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

Юқорида номи келтирилган қабристонлар қуйидаги қабристонларга кўчирилади:

Қуйи Чирчиқ тумани бўйича:

  • “Сергели” МФЙдаги “Шардара” қабристони;
  • “Сергели” МФЙдаги рус-корейс қабристони.

Ўрта Чирчиқ тумани бўйича:

  • “Тараққиёт” МФЙдаги корейс қабристони;
  • “Янгийўл” МФЙдаги “Зайнаб она” қабристони.

Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси эксгумация ва қайта дафн қилиш ишларининг санитария қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши устидан назорат ўрнатади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг