Янги iPhone васвасаси. Дубайда iPhone 15 хариди учун навбатда турганлар жанжаллашди (видео)
Олам
−
22 Сентябрь 2023
8574Бирлашган Араб Амирликларидаги Emirates Mall савдо марказида iPhone 15 Pro Мах сотиб олиш учун навбатда турган одамлар ўртасида жанжал содир бўлди. Мазкур ҳолат акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Кадрлардан шуни кўриш мумкинки, куннинг биринчи ярмида савдо марказида янги смартфонни биринчилардан бўлиб сотиб олиш мақсадида бўлган одамлар тўплана бошлаган. Кечга яқин эса юзлаб ҳаридор Apple Store дўконлари олдида катта навбатларни ҳосил қилган.
“Ҳар йили Apple смартфонининг янги гаджети чиқарилиши бутун дунё бўйлаб мухлислар орасида ҳақиқий истерияни келтириб чиқаради. Аммо бу сафар iPhone 15 сотуви бошланишидан олдин, Дубайда ҳақиқий жиннилик юз берди”, деб ёзади Тelegram'даги ТОПОР канали.
Маълум қилинишича, айрим одамлар сотув бошланишини 28 соатдан ортиқ кутган, шу боис улар оламон ичидаги ўрнини сақлаб қолиш учун жанжал кўтаришга мажбур бўлган. Соқчилар уларни тинчлантириш учун жонли девор, турли тўсиқлар ва баланд овоз тарқатувчи мосламардан фойдаланган. Айрим ҳолатларда эса куч ишлатишга ҳам мажбур бўлган.
Гувоҳларнинг хабар беришича, қўриқчиларнинг хатти-ҳаракатлари натижа берган, бироқ кейинчалик оламон бир нечта зоналарда тўплана бошлаган. Кўпчилик смартфонини олдиндан брон қилиб, эртаси куни қайтиб келиш умидида марказни тарк этган. Қолганлар эса телефонни биринчилардан бўлиб олиш учун тун бўйи кутишга тайёрлигини билдирган.
Аввалроқ, iPhone 15 Pro нархи 999 доллардан бошланиши эълон қилинганди.
Тадқиқотга кўра, Apple компаниясининг янги смартфонини сотиб олиш учун туркияликлар 124 кун ишлаши лозим бўлади. Филиппин аҳолиси бунга 80 кунлик, бразилияликлар эса 67 кунлик маошини сарфлашига тўғри келади. Россияда бу кўрсаткич 47 кунга яқин. Хитой аҳолиси 24 кун меҳнат қилиши лозим.