Янги ҳоким Тошкентда бир ҳафта ичида газ ва “свет” бўлишини айтди
Жамият
−
17 Январь 2023 20103 1 дақиқа
Кеча, 16 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Ушбу мажлисда Президент ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарларига билдирилган жиддий танқид ва эътирозлардан келиб чиқиб, вазифалар белгилаб олинди.
Раҳмонов бошчилигидаги мазкур йиғилишда Шавкат Мирзиёев томонидан қайд этилган барча камчиликлар, аввало, бугунги кунда долзарб бўлган электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишларни бартараф этишга асосий эътибор қаратилди.
Мажлисда бир ҳафта мобайнида барча туманлардаги маҳаллаларда аҳолининг табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, содир бўлаётган узилишларни қисқа вақт ичида бартараф этиш вазифалари белгилаб олинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 январь куни Президент ҳузурида бўлиб ўтган энергия ресурслари таъминоти юзасидан йиғилишда Шавкат Мирзиёев собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ишдан олганини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Ортиқхўжаев огоҳлантиришларга қарамай қишга лозим даражада тайёргарлик кўрмаган.
Ортиқхўжаев ўрнига унинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди.
Live
Барчаси