Яна жанжал, яна тўполон

Спорт

Футбол эҳтиросли, эмоцияларга бой ўйин. Футболда жанжаллар, тўқнашувлар ва муштлашувларнинг содир бўлиши бир тарафдан нормал ҳолатга айланиб улгурган. Сўнги йилларда ўзбек футболида жанжал ва мушталшувларнинг кўпайгани бор гап. Тўғри, бу бир тарафдан ўйиндаги темп юқори бўлганидан, шунингдек, жанговар баҳсларнинг кўпайиб бораётганидан далолат беради, лекин жанжаллар футболчиларда ва умуман футболга даҳлдор инсонларнинг футбол этикасидан яхши хабардор эмаслигини ва рақибга бўлган ҳурматнинг пассивлигини ҳам кўрсатади. Бир нарсани таъкидлаш жоизки, бир вақтлар шиддатли “Эл-Класико”ларда даханаки жангга киришган футболчилар ўйин якунланганидан сўнг қўл ташлашиб, бир-бирларига ҳурмат изҳор қилган пайтлари ҳам кўп бўлган. Боз устига уларнинг аксарияти битта миллий терма жамоа шарафини ҳимоя қилган.

Куни кеча, Ўзбекистон чемпионати 6-туридан ўрин олган “Бунёдкор” — “Насаф” учрашуви бўлиб ўтди. Баҳс ҳақиқатдан ҳам шиддатли руҳда кечди. Футболда бўлиши керак бўлган деярли барча эпизодлар мазкур баҳсда кузатилди. Қизил карточка, голлар, тортишувлар VAR билан боғлиқ ҳолат – барча-барчаси. Ўйиндан кейинги оммавий муштлашув эса ОАВнинг асосий мавзусига айланди.

Хўш, жанжал нимадан келиб чиқди?

Баҳсдан сўнг меҳмонлар жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг таъкидлашича, жанжал келиб чиқишига “Бунёдкор” аъзоси Даврон Эргашевнинг Қарши жамоаси футболчиларига қилиқ қилгани сабаб бўлган.

“Йигитлар ўйиндан сўнг ҳакам билан суҳбатлашиб, секин майдонни тарк этаётганди. Биз ҳам бир четда тургандик. Эргашев бизнинг ўйинчиларга қилиқ кўрсатди. Бу футболчига ярашмасди. Мен олдига бориб, унга дакки бердим. Унда бундай ҳолат биринчиси эмасди. Лицензиямни олиб қўйишар эмиш. Майли, олаверишсин. Бу қўрқинчли эмас. Лекин бу ҳолат адолатдан эмас”, дейди Бердиев.

Ўйиндан кейинги матбуот анжумани “Бунёдкор” устози ҳам ҳолатга изоҳ берди.

“Ўйин сўнггида бўлган жараёнларни энди кўриб чиқамиз. Ҳозир ҳамма ҳиссиётга берилган. Биз ўша вазият содир бўлган жойда эмасдик. Буни кўриб чиқамиз. Бир томонлама хулоса чиқариш нотўғри. Шу сабабли, аниқ нимадир дея олмайман”, дейди “қалдирғочлар” устози Мурод Отажонов.

Футбол журналисти Фахриддин Рўзиевнинг маълум қилишича, жанжал келиб чиқишига сабабчи дейилаётган Даврон Эргашев ва “Насаф” устози Рўзиқул Бердиевнинг лицензияси тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилишигача олиб қўйилади.

ЎФАнинг маълум қилишича, Суперлиганинг 6-турдан ўрин олган “Бунёдкор” – “Насаф” (1:1) учрашуви тугагач, икки жамоа вакиллари ўртасида юзага келган вазият тартиб-интизом қўмитаси томонидан кўриб чиқилади. 

Ҳозирда ЎФА ва ЎзПФЛ мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан мавжуд видеоматериаллар ҳамда учрашув расмийлари ҳисоботи ўрганиб чиқилмоқда. 

Барча маълумот ва материаллар тартиб-интизом қўмитасига тақдим этилади. Айбдорлар аниқланиб, уларга нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўрилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Футбол Насаф Бунёдкор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг