Яна уруш бўладими? Озарбайжон ва Арманистон чегарада қўшин тўпламоқда

Олам

image

Озарбайжон ва Арманистон чегарасида вазият ниҳоятда кескин. Айни дамда иккала томон ҳам бир-бирини чегара яқинига қўшинларни жойлаштиришда айбламоқда. Бу ҳақда икки давлат расмийлари баёнот берди.

Хусусан, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон қўшинларини Арманистон билан чегара ва (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ билан бўлувчи чизиққа жамлаганини даъво қилмоқда. У халқаро ҳамжамиятни минтақада янги тўқнашувнинг олдини олиш учун чоралар кўришга чақирган.

“Минтақамиздаги ҳарбий-сиёсий вазият сезиларли даражада ёмонлашди. Сабаби, Озарбайжон ўтган кунларда Тоғли Қорабоғ билан тўқнашув чизиғи ва Арманистон билан чегара бўйлаб қўшин тўпламоқда. Арманларга қарши риторика кучайди. Арманистоннинг суверен ҳудудига қарши даъво сиёсати давом этмоқда”, деган Пашинян ҳукумат йиғилишида.

Арманистон Бош вазири БМТ Хавфсизлик кенгаши ва бутун халқаро ҳамжамиятни “минтақада янги портлаш”нинг олдини олиш учун жиддий чоралар кўришга чақирган. 

“Арманистон Озарбайжон билан тинчлик ва муносабатларни нормаллаштириш тўғрисидаги битимни имзолашга тайёр. Биз Брюссел ва Прагадаги келишувларга, шунингдек, уч томонлама баёнотга асосланган тинчлик кун тартибига содиқлигимизни билдирамиз”, деган у.

Бироқ, орадан кўп ўтмай, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Пашиняннинг бу айбловларига жавоб қайтарди.

“Арманистон Бош вазирининг Озарбайжон гўёки мамлакат ҳудудида кучларни тўплашда ва ҳарбий-сиёсий вазиятни кескинлаштираётганликда айблаши Арманистоннинг навбатдаги ёлғон сиёсий ҳийласидир. Минтақада тинчлик ва хавфсизликни ўрнатиш учун Арманистон томони Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъволаридан воз кечиши, ҳарбий ва сиёсий провокацияларга чек қўйиши, тинчлик шартномаси бўйича музокаралар жараёнини муваффақиятли якунлаш йўлидаги тўсиқларни тўхтатиши керак”, дейилади расмий Бакунинг баёнотида.

Озарбайжон Республикаси Президенти ёрдамчиси – Давлат раҳбари маъмуриятининг Ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Ҳикмет Ҳажиев эса Озарбайжон эмас, балки Арманистон чегарада ўз қўшинларини жамлаётгани ҳамда янги қурол тизимлари харид қилаётганини айтиб чиқди.

 “Қорабоғдаги арман ҳарбийлари казармани тарк этиб, олдинга силжиш позицияларига жойлаштирилди, бу юқори жанговар тайёргарликдан далолат беради”, деган Ҳожиев “Reuters” агентлигига берган интервьюсида.

Айни пайтда Озарбайжон Қуролли кучлари куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида олдиндан режалаштирилган ўқув машғулотларини ўтказмоқда.

"Бу мунтазам режалаштириш жараёнининг бир қисмидир", деб тушунтирган Ҳожиев.

Озарбайжон Президентининг ёрдамчиси Бакунинг стратегияси Озарбайжонга қарши ҳар қандай ҳарбий ёки провокацион ҳаракатларнинг олдини олиш эканлигини таъкидлаган.

Қайд этиш жоизки, Қорабоғдаги янги уруш бутун минтақа учун хавф туғдириши мумкин. Шу билан бирга бошқа таҳдид ҳам мавжуд: Ғарб ва Қўшма Штатлар билан ўзаро алоқада бўлишга уринишлар назарий жиҳатдан ҳозирда Россия чегаралари яқинида Америка ҳарбий базалари ва объектларининг пайдо бўлиши хавфини юзага келтиряпти.

Бу ҳам етмагандай, ОАВда Озарбайжон Арманистон билан тўқнаш келса, шимоли-ғарбдаги Эрон армияси қарши ҳужум операциясини бошлашга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Сиёсатшунос Тофиқ Аббосов эса Франция, Греция ва Ҳиндистон аста-секин Арманистон-Озарбайжон можаросига “қўшилаётгани” ва бу билан вазиятни кескинлаштираётганини айтган.

Маълумот учун, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги олдинги можаро 2020 йилда Россия воситачилигида ҳал қилинган. Уруш натижасида Қорабоғнинг бир қисми Озарбайжонга ўтган. Шу билан бирга, уч томонлама тинчлик битими имзоланганига қарамай, минтақада кескинлик сақланиб қолган. Ҳар икки томон бир-бирини чегара ҳудудини ўққа тутишда ва тинчлик шартларига риоя қилмасликда айбламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Озарбайжон Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made