Яна телеканаллар Отабековни кўрсатишни бошлади. Коронавирус бўйича вазият жиддийми?
Саломатлик
−
24 Ноябрь 2022
19820Ўзбекистонда яна коронавирусга чалинаётган беморлар сони ортиб бормоқда. Охирги 7 кунда мамлакатда 482 нафар бемор аниқланган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фикрига кўра, касалликнинг тарқалиш даражаси “1” бўлган ҳолатда вазиятни барқарор деб баҳолаш мумкин. Ҳозир Ўзбекистонда касаллик тарқалиш даражаси “2”ни ташкил этяпти. Охирги 7 кун мобайнида 482 нафар бемор аниқланган ва улар шифохонага ётқизилган. 358 нафар бемор шифохонадан чиқарилган”, дейди Отабеков.
Унинг маълум қилишича, 2310 нафар шахс карантинга олинган ва 1306 киши карантиндан чиқарилган.
Айни вақтда мамлакатдаги коронавирусни даволашга ихтисослашган шифохоналарда 500 дан кўпроқ бемор даволаш муолажаларини оляпти.
Нурмат Отабеков сўзида давом этаркан, Ўзбекистонда коронавируснинг айнан қайси тури тарқалаётганига аниқлик киритди.
“Вируснинг геноменини ўрганиш шуни кўрсатдики, ҳозир Ўзбекистонда омикроннинг стелс-омикрон штамми, яъни BA5 тарқалган. Ҳозир дунё ҳамжамиятида фақат омикрон штамми тарқалганини кўриш мумкин. Биздаги ўрганишлар ҳам 100 фоиз айнан ўша штамм эканини кўрсатмоқда”, дейди у.
Касалланганларнинг 11 фоиздан кўпроғини 14 ёшгача бўлган болалар, қарийб 12 фоизини 60 ёшдан юқори бўлганлар, 55 фоизини 20 ёшдан 50 ёшгача бўлган аҳоли қатлами ташкил этмоқда.
Ўзбекистонда коронавирус чалинган илк бемор қайд этилган 2020 йилнинг 15 мартидан жорий йилнинг 23 ноябригача коронавирус билан касалланганлар сони 245 665 нафарни ташкил этиб, улардан 243 234 нафари (99,1 фоиз) соғайган, 1637 нафари (0,6 фоиз) вафот этган.