“Яна қанча бола ўлиши керак?” Эрдўған Еврокомиссиянинг Ғазо бўйича позициясини қоралади
Жамият
−
26 Октябрь 2023
8379Ғазога қилинган ҳужумлар узоқ вақтдан бери ўзини-ўзи ҳимоя қилиш доирасидан ўтиб, очиқдан-очиқ шафқатсизлик, зўравонлик, қирғин ва ваҳшийликка айланиб бўлди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 26 октябрь куни Анқарадаги йиғилишда сўз очди.
Туркия раҳбари цивилизациялашган жамият Исроил ҳужумлари фонида Ғазо секторида содир бўлаётган ваҳшийликни “шунчаки кузатаётганидан” афсусда эканини билдирган.
Эрдўған Европа Иттифоқининг Ғазода ўт очишни тўхтатиш чақириғини айтишдан бош тортган баёнотини кескин қоралаган.
“Яна қанча одам ўлиши керак, яна қанча болалар ўлиши керак? Европа комиссияси ўт очишни тўхтатишга чақириши учун яна қанча бола ўлиши керак? БМТ Хавфсизлик Кенгаши чора кўриши учун Ғазо секторига яна қанча тонна бомба тушиши керак?”, дейди Туркия раҳбари.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, гап-сўзга келганда, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида ҳукм чиқарганлар 19 кундан бери “мазлум Ғазо халқи”нинг яшаш ҳуқуқини менсимай келяпти.
"Барча Ғарб давлатлари бу хуружларни сўзсиз қўллаб-қувватламоқда. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига нима бўлди? У ерда нима ёзилганига қарамайсизми? Улар ўзларига керак бўлганида қарашади, тўғри келмаганида эса йўқ.
Улар ёрдам кемаси ўрнига самолёт ташувчи кема жўнатиб, қайси қабулхонага хизмат қилишларини кўрсатишди. Бу иккиюзламачилик деб аталади”, дейди Туркия Президенти.
Эрдўған Туркиянинг кўз ўнгида ваҳшийликлар содир этилаётган бир пайтда унинг жим туришини ҳеч ким кутмаслигини таъкидлаган.
"Ғарбда жим турган давлатлар бор. Булар Исроилга қарздор давлатлар. Туркия Исроилдан ҳеч нарса қарздор эмас", дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия Исроил билан қўшма энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни тўхтатганди.
LiveБарчаси