Яна бир Яқин Шарқ давлатида Telegram блокланди

Технология

−

image

Бугун, 16 ноябрь куни Ироқ Алоқа ва оммавий ахборот воситалари комиссияси мамлакат ҳудудида Telegram’ни блоклаш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда “Kurdistan 24” хабар берди.

Қайд этилишича, қарор Бош вазирнинг кўрсатмаси билан қабул қилинган. Регулятор мессенжер оператори Ироқ қонунлари ва тартибга солиш талабларига риоя этмаётганини таъкидламоқда. Компанияга ўзининг ҳуқуқий мақомини тартибга солиш учун 30 кун муҳлат берилган.

Комиссиянинг баён қилишича, Telegram илова орқали тарқалаётган ноқонуний контентга қарши зарур чоралар кўрмаган. Регулятор “экстремистик риторика”, тартибсизликлар, зўравонлик ва нафрат уйғотишга чақириқларни чеклаш ниятида. Идора, шунингдек, кибержиноятчилик ҳамда миллий хавфсизликка таҳдид солиш учун ижтимоий тармоқлардан эҳтимолий фойдаланиш ҳолатларини ҳам тилга олган. Баёнотда аниқ каналлар, фойдаланувчилар ёки хабарлар кўрсатилмаган.

Комиссиянинг тушунтиришича, блокировка компанияни Ироқда эълон қилинаётган контентни текширишга, қоидабузарликларга қарши чоралар кўришга ва ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қилишга ундаши керак. Регулятор мамлакатда ўз фаолиятини давом эттиришни истайдиган технологик компаниялар биринчи навбатда маҳаллий қонунчиликка риоя қилиши шартлигини таъкидлаган.

Баёнотда компания 30 кун ичида қандай қадамларни қўйиши кераклиги, блокировкани эртароқ олиб ташлаш мумкинлиги ва талаблар бажарилмаса нима содир бўлиши аниқлаштирилмаган. Шунингдек, чеклов техникавий жиҳатдан қачон кучга кириши ва фойдаланувчилар иловадан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлганми ёки йўқми, ҳозирча номаълум. Telegram ҳозирча вазиятга изоҳ бермаган.

Маълумот учун, 2023 йил август ойида ҳам Ироқ Алоқа вазирлиги “миллий хавфсизлик мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда” Telegram’ни блоклаган. Ўшанда идора шахсий маълумотлар ва давлат муассасаларига оид маълумотлар сизиб чиққан каналларни ўчириб ташлашни сўрагани, бироқ мессенжер жавоб бермаганини маълум қилган. Бир ҳафта ўтиб тақиқ олиб ташланган. Вазирлик маълумотларига кўра, платформа “тегишли органлар билан мулоқот қилишга тўлиқ тайёрлигини билдирган”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иордания расмийлари миллий хавфсизлик ва рақамли муҳитни ҳимоя қилиш мақсадида Telegram мессенжерини блоклагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг