Яна бир топ футболчи Саудия клубига ўтмоқда
Спорт
−
12 Август 2023
11765“Реал Мадрид” ва ПСЖ клубларининг собиқ футболчиси Серхио Рамос фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда “Soccer” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирда эркин агент бўлиб турган испаниялик 37 ёшли ҳимоячи Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод“ клубига ўтиш бўйича оғзаки келишувга эришган.
“Энди клуб футболчи билан шартноманинг расмий тафсилотларини келишиб олса бўлгани“, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Рамос сўнгги икки мавсумни ПСЖда ўтказди. У фаолияти давомида “Реал” ва “Севилья” каби клубларда ўйнаган. Айниқса Серхио “Реал”даги ёрқин фаолияти билан футбол ишқибозларига яхши таниш. Ҳимоячи “қироллик клуби” сафида кетма-кет уч марта Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан. Терма жамоа билан икки марта Европа чемпионлигини, 1 марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.
Ўтган 2022/2023 йилги мавсумда футболчи ПСЖ сафида умумий 45 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди. “Transfermarkt”га кўра, ҳимоячи қиймати 4,5 миллион еврони ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Серхио Рамос Туркиянинг “Галатасарой” клубига кўчиб ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, клуб испаниялик форвардни жамоани тарк этишга яқин турган Виктор Нелссоннинг ўрнига олиб келиш истагида бўлган.