Яна бир хонанда шоир Беҳзод Фазлиддинга товон тўлайди
Жамият
−
28 Апрель 2023
17856Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Беҳзод Фазлиддиннинг шеърини ҳеч қандай рухсатсиз куйлагани учун хонанда А.Шерматов жаримага тортилди. Бу ҳақда Фарғона вилоят адлия бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Беҳзод Фазлиддин қўшиқчи унинг “Айёр дўстларим” шеъридан фойдаланиб, қўшиқ айтгани учун унга нисбатан қонуний чора кўришни, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган.
Шоирнинг мурожаати бошқарма томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг қарорига асосан, хонанда A.Шерматовнинг муаллифлик ҳуқуқбузарлигини содир этганлиги тасдиқланиб, унга нисбатан маъмурий жарима жазоси тайинланган.
“Шоир Беҳзод Фазлиддин фойдасига Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилиш қарори эълон қилинди. Унга кўра, хонандадан шоир фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари, яъни 30 млн сўм товон пули ундириладиган бўлди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Беҳзод Фазлиддиннинг айнан ушбу шеъри асосида хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевга ҳам 26 миллион сўмлик товон пулини тўлаб бериш ва “Айёр дўстларим” номли қўшиқни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлаш мажбурияти юклатилган эди. Мазкур товон пули шоир-муаллиф фойдасига ундириб берилган.