Муаллифлик ҳуқуқини бузган санъаткорлар рейтинги эълон қилинди
Маданият-санъат
−
14 Сентябрь 2022
27083Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи ҳимоя қилинадими? Муаллифлик ҳуқуқини бузганлар жавобгарликка тортиладими? Бу саволларга Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ушбу ҳуқуқни бузган санъаткорларнинг рўйхати билан жавоб берди. Хабарда бешта санъаткор номи келтирилган бўлиб, улар товон пули миқдорига кўра ўринларга жойлаштирилган.
5-ўрин – Жалолиддин Аҳмадалиев. У шоир Беҳзод Фазлиддинга тегишли “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” тўпламига кирган “Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз” деб бошланувчи шеъридан муаллифнинг рухсатисиз фойдаланган. Фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарорига кўра, хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевга жами 26 миллион сўм товон пулини шоирга тўлаб бериш ва “Айёр дўстларим” номли қўшиқни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлаш мажбурияти юклатилган.
4-ўрин – Достон Эргашев.У қўшиқчи Ўктам Алиевга тегишли “Ўйламадим” қўшиғидан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз фойдаланган. Узоқ муддатли келишмовчиликлардан сўнг ушбу санъат вакиллари ўзаро келишувга эришдилар. Келишувга мувофиқ “Ўйламадим” қўшиғининг муаллифи Ўктам Алиев хонанда Достон Эргашевга нисбатан 500 миллион сўм миқдоридаги моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан судга киритган аризасини қайтариб олди.
3-ўрин – SanJay (Санжар Жавбердиев). У шоир Усмон Азимга тегишли “Карвон” шеъридан ноқонуний фойдаланганлиги сабабли шоир Усмон Азимга 90 миллион сўмдан ортиқ товон пули ундирилиши ҳақида суднинг қарори чиққан.
2-ўрин – “Фарҳод ва Ширин” жуфтлиги. Улар Шоир Бобур Бобомуроднинг шеърий асарларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан суд иши кўрилган ва шоир ҳисобига 130 миллион сўм товон пули ундириш ҳақидаги суд қарори чиққан.
1-ўрин – Юлдуз Усмонова. У шоир Йўлчи Рўзиев тегишли “Хаста бўлма” шеърини ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз ноқонуний фойдаланилганлиги сабабли суднинг қарорига кўра даъвогар Йўлчи Рўзиев фойдасига умумий миқдорда 185 миллион сўм ундириш белгиланган.
Хабарда қўшимча қилинишича, ижод вакилларининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлари бузилаётган бўлса, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Адлия вазирлиги “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бошқармаси”га мурожаат қилиши сўралади.
Шунингдек, “Муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган ҳар қандай асар шаклларидан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз фойдаланиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз”, дейди у
LiveБарчаси