Ямандаги аэропорт Саудия ва БАА ўртасидаги келишмовчиликлар сабабли ёпилди
Олам
−
02 Январь 3000 2 дақиқа
Ямандаги кескинлик кучайиши ортидан Аден аэропорти БАА томонидан қўллаб-қувватланадиган Жанубий Ўтиш Кенгаши (STC) томонидан ёпилди. Халқаро миқёсда тан олинган Яман ҳукуматини эса Саудия Арабистони қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда “Haaretz” хабар берди.
Келтирилишича, Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайдиган ҳукумат Ямандаги кескинликни жиловлаш мақсадида БААга қарашли парвозларга чеклов қўйган. БАА эса Жанубий Ўтиш Кенгашини қўллаб-қувватламоқда.
31 декабрь куни STC Саудия Арабистони иттифоқдош қўшинларини жанубдаги баҳсли Ҳадрамаут вилоятига жойлаштиришга рухсат берди. STC вакили Муҳаммад ал-Накибнинг сўзларига кўра, бу иттифоқнинг ҳуcийларга қарши ютуқларини таъминлаш мақсадида қилинмоқда.
Ҳадрамаут вилояти Саудия Арабистони билан яқин диний ва маданий алоқаларга эга бўлиб, SТC'нинг ҳужуми Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда хавфсизлик билан боғлиқ хавотирларни келтириб чиқарди.
30 декабрь куни Саудия Арабистони бошчилигидаги иттифоқ Ҳадрамаут пойтахти Мукалла портида БААдан келган қурол-яроғ юкларини бомбардимон қилди. БАА эса бу айбловларни рад этди ва ўз кучларини олиб чиқаётганини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, Яман йиллар давом этган фуқаролар уруши сабабли вайрон бўлди. Бу уруш Эрон қўллаб-қувватлаган ҳусийларни Саудия Арабистони, БАА ва Яман ҳукуматининг коалициясига қарши қўйди. Жанубий Ўтиш Кенгаши эса Яманнинг жанубий ҳудудидан алоҳида бўлишни талаб қилмоқда. Бу ҳудуд илгари – 1967 йилдан 1990 йилгача алоҳида бўлган.
Саудия Арабистони ва БАА минтақавий можароларда турли томонларни қўллаб, таъсир ва ресурслар учун рақобатлашади. Ўтган йил охирида ҳусийлар кучлари Ҳадрамаут ва ал-Маҳра вилоятларининг стратегик ҳудудларини эгаллагач, Саудия Арабистони ва ҳусийлар ўртасидаги кескинлик ошди.
Live
Барчаси