Яккабоғлик ҳоким ўринбосари ва уни ёқиб юборган тадбиркорга суд ҳукми ўқилди

Жамият

image

Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаевнинг юз қисмига бензин сепиб, уни ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомовга нисбатан очилган жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд иши бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Орадан роппа-роса бир ой ўтиб суд ҳукми эълон қилинди. 

Бугун, 18 октябрь куни, жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида судланувчилар Баҳриддин Исомов (1963 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, “Ҳисор сарлочин” МЧЖ да ишчи бўлиб ишлаган) ва Мансур Тўймаев (1976 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, Яккабоғ туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот котиби Азиз Абидовнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди раиси Лутфулла Мамаражабов раислигида кўриб чиқилган.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Баҳриддин Исомов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,98-моддаси (кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) да тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга шу модда билан 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 

Эҳтиёт чораси сифатида 2019 йил 21 июлдан 2019 йил 29 августга қадар 1 ой 8 кун қамоқда ўтирган кунлари тайинланган жазодан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 62-моддаси (дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш қоидалари)га асосан чегирилиб, қатъий ўташ учун 1 йил 10 ой 22 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Мансур Тўймаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-1-моддаси (хусусий мулк ҳуқуқини бузиш) 3-қисми “а” банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. 

Унга 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 510 баравари миқдорида яъни, 103 392 300 сўм жарима жазоси тайинланди. Жаримани давлат фойдасига ундириш белгиланди. Мансур Тўймаевнинг жиноий ҳаракатлари оқибатида 61 та тадбиркор ва 30 та фуқарога етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб бериш мажбурияти Яккабоғ туман ҳокимлиги зиммасига юклатилди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Яккабоғ Баҳриддин Исомов Мансур Тўймаев

Баҳолаганлар

235

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг