Яқинда комадан чиққан МакSим бутунлай тузалди

Маданият-санъат

image

Аввалроқ россиялик хонанда МакSимни (Марина Максимова) тахминан бир ярим ой давом этган сунъий комадан чиқарилгани ҳақида хабар қилгандик. Бугун, 7 август куни хонанда МакSим бутунлай тузалгани маълум қилинди. Бу ҳақда хонанданинг “Вконтакте”даги шахсий саҳифасида эълон қилинган.

“Ҳа, албатта, у барча тиббиёт ходимлари билан фаол мулоқот қилмоқда. Унинг фикри тиниқ, куляпти ва ҳазил қиляпти. У ҳамма нарсани эслайди, хотираси аъло даражада, тана аъзоларининг барчаси ўз функциясини тўлиқ бажармоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Россиялик таниқли хонанда МакSим жорий йилнинг 12 июнида Қозон шаҳридаги концертдан сўнг шифохонага ётқизилганди. Концертдан олдин унинг иситмаси юқори бўлган, аммо шунга қарамай шоуни бекор қилмасликка қарор қилинган.

Шундан сўнг хонанданинг ҳолати бирдан ёмонлашиб, шифохонага олиб борилган ва сунъий комага туширилганди. МакSимнинг ҳолати тўғрисида унинг PR менежери Яна Богушевская маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳамда ўзининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларида мунтазам равишда маълумот бериб келган.

Маълумот ўрнида, россиялик хонанда МакSим 1983 йилнинг 10 июнида Қозон шаҳрида туғилган. Унинг асл исми Марина Максимова (Абросимова). Бўлажак хонанда болаликдан акаси Максим билан жуда яқин бўлган ва кейинчалик унинг исмидан тахаллус сифатида фойдаланишга қарор қилган. Бўлажак юлдуз таниқли Gala Records овоз ёзиш компанияси билан ҳамкорлик қилиш таклифини олади. 2006 йилда эса ўзининг “Мураккаб ёш” (“Трудний возраст”) дебют альбомини ёзишга муваффақ бўлган. Альбом 1,5 миллиондан ортиқ нусхада сотилди ва 2007 йилда МакSим Россиядаги энг муваффақиятли қўшиқчига айланди. Шундан сўнг унинг юлдузлик онлари бошланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

427

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг