Ядро уруши энди таҳдид эмас – Гутерриш
Олам
−
23 Январь
52082025 йилда инсоният ядро урушидан ташқари иқлим ўзгариши ва сунъий интеллектнинг (AI) назоратсиз ривожланиши каби таҳдидларга дуч келмоқда. Бу ҳақда кеча, 22 январь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида гапирди.
Қайд этилишича, Гутерриш форумнинг йиллик йиғилишида нутқ сўзлаган.
Унинг сўзларига кўра, дунё борган сари бошқариб бўлмайдиган ҳолга етиб келмоқда. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик эса борган сари йўқолиб бормоқда.
“Ядро уруши энди ягона таҳдид эмас”, деган Гутерриш.
Қолаверса, Бош котиб инсониятнинг қазиб олинадиган ёқилғига қарамлигини “ҳеч кимни аямайдиган Франкенштейн йиртқич ҳайвони” деб атаган. У шунингдек, нефть ва газ ташиладиган дунёдаги энг йирик 13 та порт сув остида қолиши мумкинлигига эътибор қаратган.
Бош котибнинг қўшимча қилишича, айрим компаниялар ва молия институтлари иқлим бўйича ўз мажбуриятларидан воз кечмоқда.
“Бу узоқни кўра олмаслик, худбинлик ва бундан ҳам катта муаммоларга олиб келади. Сиз тарих, илм-фан ва истеъмолчиларнинг барқарорлик истакларига қарши чиқяпсиз”, деган Бош котиб.
Шунингдек, у жаҳон етакчиларини Бразилияда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP30) очилгунга қадар янги миллий иқлим режаларини тайёрлаш бўйича ваъдаларини бажаришга чақирган.
Гутерришнинг таъкидлашича, сунъий интеллект ҳам катта салоҳият, ҳам жиддий таҳдиддир.
“Бир томондан, у аллақачон таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида муваффақиятли қўлланмоқда. Бошқа томондан, тегишли назоратсиз сунъий интеллект иқтисодларни йўқ қилиш, институтларга ишончни сусайтириш ва тенгсизликни кучайтириш имкониятига эга”, деган у.
Бош котиб рақамли технологиялардан инсоният фаровонлиги учун фойдаланиш ва рақамли тафовутни камайтириш режаларини таклиф қилувчи глобал рақамли келишувни эслатган.
Гутерришнинг айтишича, жаҳон етакчилари БМТ Хавфсизлик Кенгаши каби халқаро институтлар ва молиявий тизимни ислоҳ қилишлари зарур, улар замонавий муаммоларга дош бера олади. Бироқ, бунинг учун сиёсий ирода керак, унинг фикрича, бу ҳали ҳам заиф.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гутерриш 27 январгача Исроил қўшинларини Ливан жанубидан олиб чиқишга ваъда берганди.Унинг сўзларига кўра, Исроил қўшинларининг олиб чиқилиши ва Ливан армиясининг қўшма чегарага жойлаштирилиши тинчликнинг янги саҳифасини очади.
LiveБарчаси