Шавкат Мирзиёев Бишкекда Антониу Гутерриш билан учрашди
Жамият
−
17:37 374 2 дақиқа
Бугун, 31 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида ўтаётган ШҲТ саммити тадбирлари доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида БМТ Бош котиби давлат раҳбари ва Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
БМТ ва унинг институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.

Давлат раҳбари Антониу Гутерришнинг Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган шахсий ҳиссасини юқори баҳолаган. Бош котибнинг ташкилот тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини айтган.
Фаол мулоқот ва ўзаро ташрифлар ҳамда Ўзбекистоннинг БМТнинг сайланадиган органлари фаолиятидаги иштироки кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилинган.
Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда катта ютуқларга эришаётганини олқишлаган. Бу борадаги ҳамкорликни янада фаол давом эттиришга тайёрлик тасдиқланган.
Суҳбат давомида халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган. Бўлажак қўшма тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокара ўтказгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси