Гутерриш 27 январгача Исроил қўшинларини Ливан жанубидан олиб чиқишга ваъда берди
Олам
−
18 Январь
1059Исроил қўшинларининг олиб чиқилиши ва Ливан армиясининг қўшма чегарага жойлаштирилиши тинчликнинг янги саҳифасини очади. Бу ҳақда Байрутда республика Президенти Жозеф Аун билан музокара ўтказган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.
"Биз сулҳ битимида кўрсатилган муддат – 27 январгача Исроил қўшинларининг Ливан жанубидан хавфсиз олиб чиқилиши учун барча имкониятларни ишга соламиз", деб таъкидлади Гутерриш.
У халқаро ҳамжамиятни "Ливанга ҳар қандай ёрдам кўрсатиш учун" сафарбар қилишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Президент Аунни республика раҳбари этиб сайлангани билан табриклаганини ва “Ливаннинг қаттиқ жабрланган халқи билан” бирдамлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, “республиканинг бўлажак ҳукумати давлат институтларини мустаҳкамлаш ва мамлакатни қайта тиклаш йўлида ишлаш учун ноёб имкониятга эга”.
"Мен ливанликларнинг ажойиб динамизм, катта чидамлилик ва жасоратга эга эканлигини биламан ва улар яна Ливанни Яқин Шарқнинг муҳим марказига айлантира олишларига ишонаман", деди у.
Ўз навбатида, Жозеф Аун “БМТнинг Ливандаги муваққат кучларининг ўз позицияларига қарши ҳужумларга чидамлилигини” олқишлади ҳамда тинчликпарвар кучлар ва Ливан армияси ўртасида тўлиқ мувофиқлаштириш мавжудлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, “ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга қарамай, қуруқлик ва ҳаво амалиётларининг давом этиши ва айниқса, Исроил ҳарбийлари томонидан чегарадаги қишлоқларнинг вайрон қилиниши Ливан суверенитети ва халқаро ҳамжамият иродасига зиддир”.
60 кунлик сулҳ битими 2024 йил 27 ноябрда кучга кирганидан бери Исроил ҳаво кучлари Ливан ҳудудидаги юзлаб нишонларга зарба берди. 49 киши ҳалок бўлди, аммо маҳаллий ҳукумат улар орасида тинч аҳоли бор-йўқлигига аниқлик киритмади. Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув UNIFIL кўмагида Ливан армиясини жанубий чегара бўйлаб жойлаштиришни ва “Ҳизбуллоҳ” қуролли тузилмаларини Литани дарёсидан ташқарига олиб чиқишни назарда тутади.
Ўз навбатида, Исроил 60 кун ичида қуруқликдаги операция ўтказаётган Ливан жанубидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак.