Ядро объектларига ҳужумлар тақиқланиши мумкин

Олам

image

Эрон, Россия, Хитой, Венесуэла, Никарагуа ва Беларусь “МАГАТЭ кафолатлари остида бўлган ядро объектлари ва иншоотларига ҳужумнинг барча шаклларини тақиқлаш тўғрисида”ги резолюция лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағойи Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

“Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома” яхлитлигини ҳимоя қилиш учун Эрон Хитой, Россия, Венесуэла, Никарагуа ва Беларусь билан биргаликда “МАГАТЭ кафолатлари остида бўлган ядро объектлари ва инфратузилмаларга ҳужумлар ва ҳужум таҳдидларини тақиқлаш тўғрисида” резолюция лойиҳасини тақдим этди”, деб ёзди у.

Ҳужжат доирасида барча давлатлар бошқа мамлакатлардаги тинч ядро объектларига ҳужум қилиш ёки ҳужум билан таҳдид қилишдан тийилиши керак. Бундан ташқари, барча мамлакатларда “тинч мақсадларда атом энергетикасини ривожлантиришнинг ажралмас ҳуқуқи” ва “ҳар қандай ҳужумга қарши самарали кафолатларга эга бўлиш ҳуқуқи” мавжуд.

Қайд этиш жоиз, бир кун олдин АҚШ Энергетика вазири Крис Райт Эроннинг ядро дастури, жумладан, уранни бойитиш бўйича барча дастурларнинг тўлиқ ёпилиши кераклигини айтган. Унинг фикрича, мамлакат МАГАТЭ билан ҳамкорлик қилиши ва хавфсизлик бўйича ўз мажбуриятларига риоя қилиши лозим.

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси агентликнинг Эрон ҳудудидаги тўлиқ инспекцияларини қайта тиклаш мамлакатнинг ядро объектларига берилиши мумкин бўлган ҳарбий зарбалар эҳтимолини камайтиришини билдирган. Унинг сўзларига кўра, агар МАГАТЭ Эрон ҳудудида текширишларни бошласа, бу ҳарбий ҳаракатлар хавфини камайтиришга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, Теҳрон ва МАГАТЭ ўртасидаги ҳамкорлик жорий йилнинг июнь ойида Исроил ва Қўшма Штатлар Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфахондаги ядровий майдонларига ҳужум қилган 12 кунлик урушдан кейин тўхтатилган эди. Эрон ҳукумати ядровий иншоотларга қилинган ҳужумларда ҳаракат қилмаётгани учун танқид қилинганидан сўнг, жорий йилнинг 2 июль куни Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён буйруғи билан МАГАТЭ инспекторлари мамлакатдан чиқариб юборилган.

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни эса Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгашининг Ядро қўмитаси Қоҳирада мамлакат Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси томонидан имзоланган агентлик билан ҳамкорликни қайта тиклаш бўйича келишувни маъқуллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон МАГАТЭ Ядро объектлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг