Тириклайин ёнган аёл, бир уйдан 4 ўлик, ёнғин, пора билан ушланган “каттакон”, қадами қутлуғ келган Рубио – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

−

Reklama
0:00

Наманганда ҳоким ўринбосари пора билан ўз хизмат автомобилида қўлга тушди. Хоразмда бир оиланинг уч аъзоси овқатдан заҳарланиб, вафот этди. Ўзбекистонга нисбатан Жексон-Вэник тузатиши бекор қилиниши кутилмоқда. Мамлакат “Артемида” битимига қўшилди. АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг қадами қутлуғ келди. Google Pay халқаро тўлов хизмати ишга тушди. Тез орада Apple Pay ҳам ишга тушиши кутилмоқда. АҚШда ўзбекистонлик эркак 12 млн долларлик ўғирликда айбланмоқда. Дунёнинг қудратли армиялари рейтингида Ўзбекистон юқорилади, паспорт рейтингида эса сезиларли даражада пастлади. Халқаро қидирувга берилган Қаҳрамонжон Олимов ўзига нисбатан айбловларни рад этиб, баёнот берди. 

Учтепадаги хонадонда ёнғин чиқиб, бир киши тириклайин ёниб кетди

Дастуримизни мудҳиш воқеа тафсилотлари билан бошлаймиз. 24 октябрга ўтар тунда Тошкентнинг Учтепа туманида хонадонда ёнғин содир бўлиб, бир киши тириклайин ёниб кетди.

Тунги соат 01:33 да Тошкент шаҳар ФВББга Учтепа тумани, Юсуф Саккокий кўчасида жойлашган тураржой мажмуасидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Хабар асосида ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 01:52 да бартараф этилган. Оқибатда хонадоннинг уй жиҳозлари зарарланган. Воқеа жойида бир кишининг жасади аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳодиса сабаблари ва бошқа тафсилотларини аниқлаш бўйича терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ушбу воқеа содир бўлиши фонида жамоатчилик орасида янги қурилаётган уйлар атрофидаги автотураргоҳлар масаласи кун тартибига чиқди. Маълумки, сўнгги йилларда республикада, айниқса, пойтахт Тошкентда қурилишлар кўпайган. Йирик ситилар, кўп қаватли уйларнинг кўпайиши шундоқ ҳам муаммо бўлган автотураргоҳлар масаласини янада оловлантирди. Айни вақтда қурилаётган кўп қаватли уйлардаги квартираларга мос равишда етарли даражада автотураргоҳларнинг мавжуд эмаслиги, ҳатто, умумий квартиралар сонига нисбатан автотураргоҳдаги ўринлари 20 фоизга ҳам етмаслиги аҳолининг эътирозига, автомобилларини йўл бўйларида қолдириб кетиши ва бошқа жиддий муаммоларга сабаб бўлмоқда. Учтепадаги ёнғинга гувоҳ бўлганларнинг айтишича, ёнғин содир бўлаётган ҳудудга етиб келган ёнғин хавфсизлиги хизмати махсус автомобил йўл бўйига бетартиб қўйиб кетилган автомобиллар сабабли анча вақтгача уй атрофига етиб келолмаган.

Косонсой тумани ҳокими ўринбосари хизмат автомашинасида қўлга олинди

Ўтган ҳафта Тошкент вилояти Тошкент тумани ҳокими ўринбосари 25 минг АҚШ доллари пора олаётганда қўлга тушган эди. Челенж бу ҳафта ҳам давом этиб, Наманган вилояти Косонсой тумани ҳокими ўринбосари хизмат автомобилида пора билан қўлга олинди. 

Гап шундаки, тадбиркорга таҳдид қилган ҳоким ўринбосари 65 млн сўм пора билан ушланди. 

Айтилишча, ҳоким ўринбосари мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, ҳокимият томонидан маҳаллий тадбиркорга ижара асосида берилган ер майдонини бошқа тадбиркорга олиб бериш билан қўрқитиб, ундан тамагирлик йўли билан ўзининг яшаш хонадонига 20 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатиб беришни талаб қилган.

ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари қуёш панелларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатлари учун 65 млн сўм пул маблағини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан ҳоким ўринбосарига Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразмда она ва унинг 3 фарзанди овқатдан заҳарланиб вафот этди

Хоразм вилоятининг Боғот туманида овқатдан заҳарланиш оқибатида бир оиланинг 4 аъзоси – она ва унинг 3 нафар вояга етмаган фарзанди вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Жорий йилнинг 8 октябрь куни оилада заҳарланиш аломатлари кузатилган. Улар бир кун аввалги туғилган кун маросимидан қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган.

Марҳумларнинг ўлим сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Текширувга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари жалб қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2026 йил 10 октябрь куни Жиноят кодексининг 276-11-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Бунга одамлар ўлимига сабаб бўлган, истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёки сотиш билан боғлиқ жиноят аломатлари мавжудлиги, зудлик билан тегишли тергов ҳаракатларини ўтказиш орқали ҳақиқатни аниқлаш лозимлиги сабаб бўлган.

Тошкентда қурилиш вақтида девор қулаб, қабрларни босиб қолди

Тошкент шаҳридаги Боткин қабристонида қурилиш ишлари вақтида девор қулади ва қабрларни босиб қолди. Ҳолат Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Султонали Машҳадий маҳалласи ҳудудида жойлашган тадбиркорлик объектида қўшимча бино қуриш учун ер ишлари олиб борилаётган вақтда содир бўлган.

Ўрганишлар давомида мазкур қурилиш ишлари белгиланган шаҳарсозлик нормалари талабларига зид равишда, тегишли рухсатномаларсиз ноқонуний бошлангани аниқланган. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас! 

Қурилиш ишлари тўхтатилган ҳамда қурувчи ташкилотга нисбатан БҲМнинг 200 баравари миқдорида маъмурий жарима қўлланилган. Буюртмачи ва пудратчи ташкилотга девор қулаш оқибатларини бартараф этиш ҳамда шикастланган қабр тошларини қайта тиклаш мажбурияти юклатилган.

Марко Рубио Ўзбекистонга келди

Тугаётган ҳафтада бутун дунё нигоҳи ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда бўлди. Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио Ўзбекистонга келди. У ёлғиз эмасди, 200 нафар америкалик йирик тадбиркорлар унга ҳамкорлик қилди, Самарқандда йирик бизнес форум ўтказилди. Марказий Осиё республикалари Ташқи ишлар вазирлари иштирокида C5+1 форматида йиғин ўтди. Рубионинг ташрифи ҳақида аллақачон икки кўрсатувни тайёрлаб, эфирга узатдик, асосий тафсилотлардан ўша дастурда бохабар бўлишингиз мумкин. Ҳозир гап ушбу тадбирларнинг нега Самарқандда ўтгани ва уни ташкилллаштиришда Президент Администрацяси раҳбари Саида Мирзиёеванинг ўрни ҳақида.

Рубио 19 октябрь куни Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида сўз олиб, кенгаш фаолиятига юқори баҳо берди, унинг ҳамраислари – АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор ва Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага алоҳида миннатдорлик билдирди.

Давлат котиби икки ҳамраиснинг ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этиб, “Бугунги оқшом сизларсиз амалга ошмас эди”, дея таъкидлаган.

Қолаверса, АҚШ давлат котиби, Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш Қўшма Штатлар ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида урғулаб, ўзи билан келган тадбиркорларга келажакда Ўзбекистондан уй олиб қўйишни тавсия қилди. 

Марко Рубио бундай кенг кўламли ҳамкорликка айнан Президент Шавкат Мирзиёев амалга оширган ислоҳотлар замин яратганини алоҳида эътироф этган.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугунги кунда Ўзбекистон ва Америка ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, бу эса энг аввало, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг шахсий эътибори ва қўллаб-қувватлови туфайли эканини айтди. Мустаҳкам сиёсий шериклик асосида иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш зарурлигини билдирди. Давлат раҳбари кенгаш икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли иқтисодий шерикликнинг стратегик механизмига айланиши лозимлиги таъкидланган. Шу муносабат билан 2035 йилгача бўлган даврга мўлжалланган савдо-инвестициявий ва технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилган.

Инглиз тилида равон нутқ сўзлаган Саида Мирзиёева эса Ўзбекистондаги бизнес муҳити, тадбиркорлар учун шароитлар айнан америкалик тадбиркорларнинг таклиф ва талаблари инобатга олинган ҳолда қайта кўриб чиқилганини эслатди.

“Шу вақт ичида бир муҳим ҳақиқатни англадик: бизнес қоидалар аниқ, эшиклар очиқ ва қўнғироқларга дарҳол жавоб бериладиган жойга интилади. Шу боис биз доимо алоқада бўладиган ва мурожаатларни жавобсиз қолдирмайдиган ҳамкор бўлишга интилмоқдамиз. Тадбиркорлар сўрагани учун биз қоидаларни ўзгартирдик. Энди савдо ҳар икки йўналишда ҳам ривожланмоқда: Ўзбекистон инвестициялари АҚШда янги иш ўринларини яратишга, маҳсулотларининг хариди эса Америка саноат корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Ҳалол шерикликнинг моҳияти шунда: ҳар икки томон ҳам манфаат кўриши керак”, дейди Саида Мирзиёева.

Жексон-Вэник тузатиши ҳақида эшитганмисиз? У 1974 йилда АҚШнинг Савдо тўғрисидаги қонунига киритилган бўлиб, асосан бозор иқтисодиётига эга бўлмаган ҳамда фуқароларининг эммиграция қилиш (мамлакатни тарк этиш) ва бошқа инсон ҳуқуқларини чеклайдиган давлатларга нисбатан қўлланиладиган чекловчи модда. АҚШ конгрессменлари Генри Жексон ва Чарльз Вэник томонидан таклиф этилган ушбу тузатиш дастлаб Совуқ уруш даврида СССР ва унинг иттифоқчиларидан яҳудийлар ҳамда бошқа озчилик гуруҳларнинг эркин чиқиб кетишига рухсат бериш учун босим ўтказиш механизми сифатида қабул қилинган. Унга кўра, ушбу чеклов остига тушган мамлакатларга АҚШ томонидан “энг кўп қулайлик яратиш тартиби” (савдодаги тенг ҳуқуқлилик ва паст божхона тарифлари) доимий равишда берилмайди, шунингдек, давлат кредитлари ва кредит кафолатларидан фойдаланиш чекланади.

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг бу тузатиш автоматик равишда собиқ иттифоқ таркибидаги мустақил давлатларга, жумладан, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига ҳам ўтган. Оқибатда гарчи ушбу давлатлар эркин эмиграцияга қўйилган талабларни тўлиқ бажариб келаётган бўлса-да, АҚШ Президенти ҳар йили Конгрессга алоҳида хабарнома юбориб, чекловларни вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлади. Сўнгги йилларда, айниқса “C5+1” ва икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши фонида АҚШ маъмурияти ва бир қатор конгрессменлар ушбу эскирган ва Совуқ урушдан қолган бюрократик тўсиқни Ўзбекистон ва бошқа ҳамкор давлатларга нисбатан батамом бекор қилиш таклифини илгари сурмоқда.

Самарқандга келган Рубио Трамп маъмурияти ҳам Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиш тарафдори эканини билдирди.

Саида Мирзиёева эса Кенгаш йиғилишидаги нутқида бу масалага ҳам тўхталиб, Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиш бўйича Ўзбекистон Ҳукумати билан якдил экани учун Рубиога миннатдорлик билдирди. 

“Биз бу фикрга тўлиқ қўшиламиз ва бу чеклов тезроқ бекор қилинишидан мамнун бўламиз. У бекор қилинган куннинг эртасиданоқ мазкур Кенгаш янги марраларга шай бўлади. Вашингтонда энди шунчаки “имкониятлар” ҳақида гаплашиш давридан ўтганимизни айтгандик. Бугун сиздан ҳам худди шуни сўрайман: бизга аниқ лойиҳа билан келинг ёки муаммоингизни олиб келинг – иккисини ҳам қабул қилишга тайёрмиз”, дейди Саида Мирзиёева.

Хуллас, Рубионинг ташрифи баҳонасида Ўзбекистон – АҚШ Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон – АҚШ бизнес ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши доирасида умумий қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган 54 та шартнома, битим ва англашув меморандумлари имзоланди. Ўзбекистон ва АҚШ Ой, Марс, кометалар ва астероидларни тинч мақсадларда тадқиқ этиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик тамойилларини белгиловчи “Артемида” битимларини имзолади. Ҳужжат Ўзбекистоннинг NASA ва бошқа иштирокчи давлатлар космик агентликлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, миллий кадрларни тайёрлаш ҳамда космик технологиялар трансфери учун янги имкониятлар яратади.

АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари (C5+1) ташқи ишлар вазирлари учрашуви якунлари бўйича минтақавий хавфсизлик, иқтисодий интеграция ва энергетика мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим тавсия ва баённомалар қабул қилинди. Энди навбат Трампнинг ташрифига қоляпти. 35 йил давомида АҚШнинг бирорта Президенти Марказий Осиёга қадам босмаган, аммо Трампнинг Марказий Осиёга, хусусан Ўзбекистонга келиш нияти йўқ эмас. Хўш, сизнингча у келадими? 

Ўзбекистонда Google Pay ишга тушди

Рубионинг Ўзбекистонга қадами қутлуғ келди. Ва ниҳоят мамлакатда Google Pay халқаро тўлов хизмати ишга тушди. Ташриф доирасида ўтган тадбирлардан бирида Google Cloud компаниясининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича ҳукумат билан алоқалар ва давлат сиёсати масалалари раҳбари Марцин Красуски хизмат Ўзбекистонда иш бошлаганини эълон қилди.

Жорий йилнинг 26 март куни Президент “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида” ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Ҳужжат билан барча шахсий маълумотларни фақат Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда сақлаш талаби бекор қилинди.

Ушбу талаб биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек, телекоммуникация операторлари абонентларининг маълумотларига нисбатан сақланиб қолган. Қолган шахсий маълумотларни эса белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда хорижда қайта ишлаш мумкин.

Яқин кунларда эса Apple Pay ҳам ишга тушиши кутилмоқда. Бу ҳақда хабар берган Туризм қўмитасига кўра, айни вақтда техник ишлар Марказий банк, тижорат банклари ҳамда маҳаллий тўлов тизимлари томонидан олиб борилмоқда.

Президент ўзбек алифбосини ўзгартиришга оид қонунни имзолади

Алифбо ўзгаряпти. У олти ойдан кейин тўлиқ кучга киради. Президент Шавкат Мирзиёев “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади. Узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида 4 та ҳарф – O‘, G‘, Sh, Ch нинг ёзилиши сиз экранингизда кўриб турган тартибда ўзгаряпти. Қолгани ўша-ўша, янги алифбода 28 та ҳарф, 1 та тутуқ белгиси бўлади. 

Қонун қабул қилингани билан амалдаги ҳужжатлар, дарсликлар ва бошқа материалларни бирданига алмаштириш талаб этилмайди. Улар яроқлилик муддати тугагач, ўз кучини йўқотгач ёки навбатдаги янгиланиш жараёнида янги алифбога мослаштириб борилади. 

Қонун кучга киргунига қадар лотин алифбосининг аввалги шаклларидан фойдаланган ҳолда расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз юридик кучини сақлаб қолади ҳамда муомалада бўлиши мумкин.

Давлат органлари ва ташкилотларининг рамзлари ҳамда бошқа атрибутлари, бинолардаги Давлат гербининг бўртма тасвирлари, шунингдек, географик объектлар номлари ёзилган пешлавҳа ва кўрсаткичлар аввалги ҳарф шаклларида бўлса, улар эскиргунга қадар ёки қонунни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган муддатларга қадар фойдаланилиши мумкин.

Қаҳрамонжон Олимов илк бор баёнот берди

Ўзбекистон сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган, сўнг қидирувдаги шахслар рўйхатидан сирли тарзда ғойиб бўлган “Anorbank” акциядори Қаҳрамонжон Олимов сўнгги 18 ой давомида ўзи ва оиласи турли ҳужумларга дуч келганини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг юридик вакили – FEDIDA ASSOCIES орқали баёнот берди.

Яна Олимовнинг даъво қилишича, у 2025 йил 24 июнь куни Парижда ўғирлаб кетилган, икки кун давомида ноқонуний ушлаб турилган ва озодликка чиқиши учун товон пули тўлашга мажбурланган. Франция полицияси олиб борган тергов натижасида 5 киши ҳибсга олинган ва судга қадар қамоқда сақланмоқда. Яна икки кишига нисбатан суд назорати чоралари қўлланилган. Шунингдек, айбланувчиларни гаров эвазига озод қилиш ҳақидаги илтимосномалар рад этилган.

Олимов Интерпол билан боғлиқ вазият ҳақида ҳам изоҳ берган. Унинг билдиришича, Ўзбекистон томонидан Интерполнинг халқаро қидирувга оид қизил билдиришномаси чиқарилган ва у одам ўғирлашда айбланмоқда.

“Мени одам ўғирлашда айблашмоқда, ҳолбуки, бу жиноятнинг ўзидан мен жабрланувчи бўлганман. Мазкур қизил билдиришнома ҳозирда Интерпол веб-сайтидан олиб ташланган”, дейилади баёнотда.

Олимов ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилаётганини маълум қилган. Шунингдек, унинг айтишича, сўнгги воқеалардан кейин ўзи ва бизнесларига қарши иқтисодий, ҳуқуқий ҳамда обрўсига путур етказишга қаратилган ҳаракатлар давом этган. У ўз баёнотида Франция ва Ўзбекистон суд тизимларига ҳамда бу жиноятларга алоқадор шахслар қилмишлари учун жавоб беришларига қатъий ишонишини айтган. 

У ушбу воқеалар Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига таъсир қилиши мумкинлигини ҳам қайд этиб, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар учун очиқ муҳит яратиш муҳимлигини урғулаган. 

Anorbank октбярь ойи бошида акциядор Қаҳрамонжон Олимов жорий йилнинг 2 октябрь куни Кузатув кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза бергани, ушбу масала 28 октябрь куни акциядорларнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилишини эълон қилганди. Бироқ, ҳали белгиланган муддат келмай туриб, Қаҳрамонжон Олимов ҳақидаги маълумотлар Anorbank сайтининг у бугунгача бўлган Раҳбарият бўлими – Кузатув кенгаши аъзолари рўйхатидан ўчириб юборилди. Банкнинг расмий саҳифаларида эса унинг Кузатув кенгашидан чиқарилгани ҳақида расмий ахборот берилгани йўқ. 

Охирги шов-шувли воқеалар, Олимовнинг қидирувга берилиши фонида эса Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги “Anorbank” АЖнинг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли эмитент дефолти рейтингини CCC+ даражасидан CCC даражасига туширди. 

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозиргача Олимовнинг қидирувга берилгани ва у нега қидирилаётгани ҳақида ахборот бермаган. Россиянинг мустақил суриштирув нашри “The Insider” ўз манбаларига таяниб, Қаҳрамонжон Олимов бир йил аввал ўзининг ўғирлаб кетилиши билан боғлиқ воқеани уюштиргани учун халқаро қидирувга берилгани ҳақида ёзди. 

Нашр манбасининг хабар беришича, Олимов собиқ иш берувчиси ва иқтисодий низодаги рақиби Ботир Раҳимовни жиноят ташкилотчиси сифатида кўрсатиш учун Францияда ўзини ўғирлашларини саҳналаштирган бўлиши мумкин. 2025 йилнинг ноябрь ойида “The Insider” ва Франциянинг “L’Express” нашрлари Олимов тақдим этган талқинда кўплаб зиддиятлар ва сохталаштириш аломатларини аниқлаган. Хусусан, гўёки озод қилинганидан сўнг банкир ўзини ўғирлаган шахс деб атаган одам билан дўстона ёзишган, сўнгра қўлга олинишининг олдини олиш учун уни полиция ҳақида огоҳлантириб, “узоқроқ юришни” сўраган.

Нашрнинг ёзишича, эндиликда Олимов Раҳимовни ўзини ўғирлашда айблаб, унга туҳмат қилганликда, сўнг Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари ёрдамида Раҳимовни жиноий таъқиб қилиш таҳдиди остида молиявий даъволардан воз кечишга мажбурлаш учун унинг ўзини ўғирлашни ташкил этганликда айбланмоқда. Раҳимов аввалроқ, Олимовга нисбатан молиявий даъволар билдириб, уни ўзига тегишли бизнес-активларни ўзлаштириб олишда айблаган ва 200 миллион доллардан ортиқ товон пули талаб қилган.

Ўзбекистон армияси кучайди, паспорт мавқеи эса тушди

Global Firepower 2026 йил учун дунёнинг энг кучли армиялари рейтингини эълон қилди. 145 та мамлакат ичида Ўзбекистон 53-ўринда қайд этилди. Рейтингда биринчи ўринни АҚШ эгаллаган. Ундан кейинги ўринлардан Россия ва Хитой жой олган. Ҳиндистон тўртинчи ўринни сақлаб қолган, Жанубий Корея эса бешинчи поғонада қайд этилган. Кучли ўнликка, шунингдек, Франция, Япония, Буюк Британия, Туркия ва Италия ҳам кирган.

Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон 53-ўрин билан етакчилик қилмоқда. Кейинги поғоналарда эса Қозоғистон (58), Туркманистон (78), Тожикистон (100) ва Қирғизистон (108) қайд этилган. Рейтингнинг энг қуйи ўринларида эса Марказий Африка Республикаси, Белиз ва Бутан турибди. Улар мос равишда 143, 144 ва 145-ўринларни банд қилган.

Муаллифлар 60 дан ортиқ омилларни эътиборга олади: шахсий таркиб сони, техника миқдори, молиявий имкониятлар, логистика, табиий ресурслар ва география. Формула қўшимча коэффициентларни ўз ичига олади. 

Шунингдек, тугаётган ҳафтада Ўзбекистон Henley & Partners халқаро консалтинг компанияси томонидан тузиладиган дунё паспортлари рейтингида 106 та давлат орасида 82-ўринни эгаллади. Афсуски, бу сезиларли йўқотиш. Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ушбу рейтингнинг 73-ўринда эди. Мамлакатнинг рейтингдаги позицияси тўққиз поғонага пасайди. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон 79-ўринда жойлашганди. 

Рейтингнинг амалдаги натижаларига кўра, Ўзбекистон Буркина-Фасо ва Того билан бир қаторда 82-ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистон фуқаролари 57 та давлатга визасиз ёки етиб боргач, виза расмийлаштириш орқали кириши мумкин. 

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон етакчи бўлиб, у 66-ўриндан жой олган. Қирғизистон ҳам биздан юқорида – 81-поғонадан ўрин эгаллаган. Тожикистонга 87, Туркманистонга эса 93-ўрин берилган.

Рейтингда биринчи ўринни Сингапур эгаллади. Ушбу мамлакат фуқаролари 193 та мамлакат ва ҳудудга визасиз саёҳат қилиш имкониятига эга. Афғонистон эса рейтингни якунлаб бермоқда – ушбу мамлакат паспорти эгалари 22 та давлатга визасиз бориши мумкин.

Ўзбекистонлик эркак АҚШда 12 млн долларлик юкларни ўғирлагани айтиляпти

Ўзбекистонлик эркак АҚШда 12 млн долларлик юкни ўғирлаганликда айбланяпти. Мазкур айблов бўйича иш 21 октябрь куни АҚШнинг Брижпорт федерал судида кўриб чиқилди. Судда эркак айбига иқрор бўлмаган. 

Гап шундаки, 22 сентябрь куни Нью-Хейвендаги федерал катта судьялар ҳайъати ўзбекистонлик 33 ёшли Нурсултон Ҳайдаровга нисбатан айблов хулосасини чиқарган. Агар у тил бириктириш айблови бўйича айбли деб топилса, 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Коннектикут округи бўйича АҚШ прокурорининг ҳисоботида Ҳайдаров иштирок этганликда гумонланаётган жиноий тил бириктириш тафсилотлари баён қилинган.

Суд ҳужжатлари ва баёнотлари Миллий хавфсизлик бўйича тезкор гуруҳ Калифорния ва бошқа штатлардаги жойлардан содир этилган бир қатор юк ўғриликларини суриштираётганини кўрсатади.

Терговчиларнинг билдиришича, 2025 йилнинг сентябрь ойидан бери Ҳайдаров ва унинг эҳтимолий жиноятчи шериклари бир нечта автотранспорт ташувчи компанияларни сотиб олган ёки бошқача тарзда назорат остига олган.

Шундан сўнг, улар ушбу корхоналарнинг АҚШ Транспорт вазирлиги рақамлари (USDOT), автотранспорт ташувчисининг идентификация рақамлари (MC), электрон почта ҳисоблари ва эгаларининг шахсий маълумотларини ўзлаштириб олган.

Прокурорлар ушбу шахсларни аввалги бизнес эгалари номидан иш кўрганликда ва штатлараро юк ташиш бўйича шартномаларни қўлга киритиш учун мавжуд корхоналарнинг обрўси ҳамда ишончидан фойдаланганликда айбламоқда. Штатлараро юк ташиш бўйича юк брокери билан шартнома тузилгандан сўнг, ҳайдовчи юкни тарқатиш марказидан олиб кетган.

Шунга қарамай, ҳисоботда қайд этилишича, кўплаб юклар ҳеч қачон манзилга етказилмаган ва ўғирланган деб хабар қилинган. Баъзи ҳолларда жиноятчиликда гумонланаётган шахслар ўғирланган товарларни қайтариш эвазига ҳатто товон пули ҳам талаб қилган.

Айблов хулосасига кўра, Ҳайдаров АҚШда қонуний доимий яшовчи (Green Card эгаси) мақомига ҳамда Нью-Жерси штатининг ҳақиқий тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган.

Шунингдек, у “Сайид Махмударов”, “Рустам Мавлонов”, “Дмитрий Аганин”, “Роман Смиров” ва “Қайрат Нуртас” номларига берилган сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлгани айтилмоқда.

Прокурорларнинг билдиришича, ушбу шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ҳар бирида Ҳайдаровнинг юз тузилиши ўзгартирилган фотосурати жойлаштирилган. Якуний айбловга кўра, ушбу жиноий фитна камида 24 та юкни ўғирлашни ўз ичига олган ва улар 12 млн доллар экани айтилмоқда. 

Ҳайдаров жорий йилнинг 1 июнь куни ҳибсга олинган. У суд томонидан айбли деб топилмагунича гумонланувчи ҳисобланади. 


Дўстларингиз билан улашинг