Вояга етмаганларга нисбатан зўравонликка қарши турадиган янада мустаҳкам қонун керак – Танзила Норбоева
Жамият
−
06 Апрель 2023
4101Ўзбекистонда 2021-2022 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 72 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 61 мингдан кўпи ёки қарийб 85 фоизи оилада содир этилган. Бу ҳақда бугун, 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида айтиб ўтилди.
Унда Сенат раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик масаласининг бугун қанчалик долзарб эканлигига тўхталиб ўтди. Шу кунгача Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик бўйича жавобгарликка тортувчи алоҳида норма йўқлиги урғуланди.
Шунингдек, 2020 йилда 156 та, 2021 йил 243 та номусга тегиш жинояти содир қилинган. Хусусан:
- Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг зўрланиши ва ўлдирилиши;
- Хоразмдаги болалар уйи билан боғлиқ ҳолат;
- пойтахтнинг Сергели туманида она 3 нафар фарзанди билан бирга юқори қаватдан сакрагани каби ҳодисаларга алоҳида тўхталди.
“Хулоса шуки, жамиятимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган ҳамда вояга етмаган фарзандларимизга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши турадиган янада мустаҳкам ва қатъий қонунларга эҳтиёж бор”, деган Сенат раиси.