Ворисова сайловолди тиббиёт ҳақида жон куйдириб қолди

Таҳлил

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова бугунги кунда тиббиёт олдида турган муаммолар, вилоятлар, чекка ҳудудларда тиббиёт ходимлари етишмаслиги, борларининг маоши озлигини айтиб чиқди. 

“Фуқароларнинг ўз ҳаёт шароитларидан розилигини белгиловчи муҳим мезон – уларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигидадир. Бунинг учун эса тизим етарли даражада кадрлар билан таъминланиши зарур. Қулай бинолар, замонавий асбоб-ускуналар бор тиббий муассасаларда малакали ходимлар ишламаса, тиббий хизматдан одамларни рози қилиш имконсиздир.
Республикамиз вилоят ва туманларида шифокорлар билан таъминланиш даражаси ўрганилганда, жиддий етишмовчиликлар мавжудлиги юзага чиқди.
2018 йил ҳисоботларига асосан республикамиз бўйича мавжуд врачлик иш ўринларининг 12 фоизи вакант ҳолатда бўлса, Сурхондарёда бу кўрсаткич 23,7 фоизни, Сирдарё вилояти бўйича 21,5 фоизни, Жиззах вилояти бўйича 20 фоиздан ортиқроқни ташкил этади.
Агар туманлар кесимида кўрилса, янада жиддийроқ рақамларга дуч келамиз. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманида 33 фоиз, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Мирзачўл туманларида 36 фоиз, Янгиобод туманида 57 фоиз, Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида 40 фоиз, Навоий вилоятининг Томди туманида 59 фоиз, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 33 фоиз, Сайхунободда 36 фоиз, Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида 45 фоиз, Қизириқ туманида 41 фоиз, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 38 фоиз, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 43 фоиз врач иш ўринлари бўш экан.
Бу рақамлар кишини чуқур ўйга толдиради, жиддий хавотирга солади”, дейди сенатор.

Ворисовага кўра, ҳар бир вилоятда шифокорларга эҳтиёж мавжуд. Вакант иш ўринларининг асосий қисмини амбулатор поликлиника муассасалари ташкил этади. Оқибатда туманлардаги муассасаларда фаолият юритаётган шифокорлар бир неча мутахассис вазифасини бажаришга мажбур бўлмоқда. Бу эса тиббий хизмат сифатига жиддий таъсир ўтказмоқда. Сенатор фикрларини давом эттираркан, шифокорларга нисбатан норозиликларга тўхталди: 

“Жойларда аҳолининг шифокорлардан норозилиги ошиб бораётгани, беморларнинг яқинлари ва шифокорлар ўртасида турли низолар келиб чиқаётгани бўйича мисоллар оз эмас. Бундай кўнгилсиз воқеаларнинг туб сабабларидан бири жойларда тиббий кадрлар етишмовчилиги катталиги, кам сонли шифокорларга иш юкламасининг йиллар давомида юқори бўлиб қолаётгани билан ҳам боғлиқ эмасмикин?
Бундай вазиятда шифокорларга Гиппократ қасами ичганлигини таъкидлаш ёки уларга жисмоний зўравонлик билан таҳдид қилиш ҳолатни яхшиламайди”, дейди Ворисова.

Сенаторнинг куйиб-пишиб билдирган фикрлари боиси унинг мақоласи охирроғида аён бўлади. Маълумки, жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Кўриниб турибдики, Ворисова партия манфаатлари ва дастурини ўртага қўйиб, отни қамчилаган. У мақолада уни қилишимиз керак, буни қилишимиз керак, дейди аммо қиламиз, бажарамиз, ишончни оқлаймиз, демайди. 

“Халқ демократик партияси ушбу ўткир муаммони тизимли ҳал қилишни энди орқага суриб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Қишлоқ жойлардаги тиббиёт муассасаларини кадрлар билан таъминлаш, бунинг учун уларга уй-жой бериш, бошқа қулайлик ва имтиёзлар жорий этиш бўйича дастур ишлаб чиқилиши керак”.

Ворисовага кўра, шифокорлар етишмайдиган туманларда ушбу лавозимни ёш мутахассислар учун жозибадор қилиш чораларини кўриш вақти келди. Олий тиббий ўқув юртларини битирган мутахассислар маоши ҳали 900 минг сўм атрофидалигини инобатга олсак, уларга маҳаллий бюджет ҳисобидан имтиёзлар берилиши муаммони ечишга ёрдам бериши мумкин. Масалан, врачлар ўткир етишмайдиган туманларда устама ҳақ белгиланиши, уй-жойларнинг бирламчи тўловсиз имтиёзли кредитга берилиши каби енгилликлар кадрлар танқислигини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Ворисованинг фикрича, туман, шаҳар ҳокимларининг тавсиялари асосида маҳаллий ёшларни тиббиёт олийгоҳларида ўқишини ташкил этиш орқали муаммоларни ҳал этишга эришиш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Мақсуда Ворисова Халқ демократик партияси

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг