Волидайи Султон Қатар Фаластинга бераётган пуллар қарз эмаслигини айтди

Олам

image

Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг онаси Шайха Моза бинт Носирнинг фикрича, Исроилнинг уруш қонуниятларини менсимаслиги ортидан Ғазода халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилмоқда. У бу ҳақда кеча, 15 ноябрь куни Истанбулда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған бошчилигида ўтган “Фаластин учун ягона юрак” саммитидаги нутқида айтиб ўтди. 

Волидайи Султоннинг айтишича, Исроил ҳозирда, ҳар доимгидек, Ғазога ҳужумларини давом эттирмоқда ва бунда халқаро қонунларни менсимаяпти.

“Халқаро гуманитар қонунлар бузилмоқда, чунки одамлар шафқатсизларча ўлдирилиб, уйлари вайрон қилинмоқда. Бу, шубҳасиз, тўлиқ [қоидалар] бузилишдир". 

Шайха Моза халқаро ҳамжамият Исроилнинг ваҳшийлигини тўхтата олмаганини таъкидлаб, дунё қачонгача Исроилнинг ҳаракатларига бефарқ бўлиб қолишини савол остига олди. У муаммоларни мулоқот орқали ҳал этиш тарафдори эканини билдирди ва инсониятга қарши содир этилган жиноятларга қарши туришини таъкидлади.

У зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақириб, чақирувга қарамай, у амалга оширилмаганини афсус билан урғулади. 

Шайха Моза халқаро босимни кучайтириш зарурлигини билдириб, шифохоналар ва мактаблар бундай ҳужумларда нишонга олинмаслиги кераклигини қайд этди. У, шунингдек, Қатарнинг келгуси даврда таълим соҳасига халқаро ёрдам кўрсатишга тайёрлигини қўшимча қилди. 

Амирнинг онаси Ғазо халқига зудлик билан инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишнинг маънавий зарурлигини айтиб, шундай деди:  

“Икки қарама-қарши мақсад  мавжуд экан – қуриш нияти ва йўқ қилиш нияти – биз учун бошқа йўл йўқ – ахлоқий, қонуний ёки этикавий – қуриш ниятида бўлганлар билан бирга бўлишдан бошқа йўл йўқ.

Қатар томондан эса, “Таълим ҳамма нарсадан устун” жамғармаси орқали Ғазодаги таълим соҳасини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз”. 

Ҳазратия Олиялари Қатар давлати араб дунёсида тутган ролини юқори баҳолади.

“Қатарнинг ёрқин қиёфаси араб ва қатар авлодлари хотирасида сақланиб қолади.  Бу аҳоли сони ва катталиги жиҳатидан кичик мамлакат бўлиши мумкин,  лекин у ўзининг амбициялари,  ахлоқи ва тамойиллари билан буюкдир”, дейди у. 

У сўзида давом этиб, Ғазо халқига кўрсатилаётган ёрдам қарз эмас, балки бурч эканини айтди. 

“Биз қилаётган барча ишларни Ғазо халқи учун қиламиз, лекин бу ҳеч қачон қарз бўлмайди.  Тарихнинг бу мудҳиш дақиқаларида Ғазо аҳли умматнинг қадр-қимматини ифодалайди”, дейди Шайха Моза.

Эслатиб ўтамиз, Истанбулда бўлиб ўтган саммитда Сенегал Президенти Маки Санинг рафиқаси Мариеме Файе Салл, Малайзия қироличаси Тунку Азиза Аминаҳ Маймунаҳ Искандария, Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Конго Республикаси Президентининг рафиқаси Антуанетта Сассу-Нгессо, Бангладеш Президентининг рафиқаси Ребека Султона, Босния и Герцеговина Президентлик кенгашининг хорват аъзоси Желько Комшичнинг рафиқаси Сабина Комшич, Ливан Бош вазирининг рафиқаси Май Микати, Шотландия минтақавий бош вазири Ҳамза Юсуфнинг рафиқаси Надия Ал-Накла, Ливия Бош вазири Абдулҳамид Дибейбенинг рафиқаси Омина Али Муҳаммад Ал-Шавуш Ал-Дилавий, Фаластин махсус вакили Фериал Камел Абдалраҳмон Салим, Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид ан-Наҳённинг рафиқаси Шайха Алязиа бинт Саиф Ал Наҳаён, Миср режалаштириш ва иқтисодий ривожланиш вазири Ҳала Алсаид ва туркманистонлик дипломат Чинор Рустамова иштирок этди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин учун ягона юрак Шайха Моза бинт Носир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг