Ғазодаги воқеаларни уруш деб бўлмайди – Венесуэла биринчи хоними
Олам
−
16 Ноябрь 2023
9084Ғазода бўлаётган воқеаларни уруш, деб бўлмайди. Чунки, томонлар бир-бирига уруш эълон қилмаган, бир-бири билан урушаётган армияси ҳам йўқ. Бу ҳақда Венесуэла Президенти Николас Мадуронинг рафиқаси Силия Флорес кеча, 15 ноябрь куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған томонидан Истанбулда ташкил этилган “Фаластин учун ягона юрак” биринчи хонимлар саммитига йўллаган видеомурожаатида сўз очди.
У биринчи хонимларга мурожаат қиларкан, улар аёллар сифатида барча зўравонлик ҳаракатларига, айниқса, Ғазо ва бутун Фаластин халқига қарши давом этаётган геноцидга қаршилик кўрсатиш ҳаракатларига бошчилик қилишлари кераклигини урғулади.
“Бўлаётган воқеаларни уруш деб атай олмаймиз, чунки очиқчасига курашаётган иккита қўшин йўқ ёки томонлар бир-бирига қарши уруш эълон қилмаган. Қамал остидаги шаҳарнинг Исроил томонидан ҳаводан ва қуруқликдан бомбардимон қилинаётганини кўряпмиз. Биз қуролли аскарлар, зирҳли танклар ва энг ёмони, ядровий ҳужумлар таҳдидларини эшитяпмиз. Бошқа томондан, Ғазода қурбонларни кўряпмиз. Биз болалар, аёллар, қариялар ва тинч аҳолининг ўлимини кўряпмиз. Биз тинч аҳоли қурбонлари вайрон бўлган уйларидан чиқаётганини кўряпмиз, лекин улар очиқ қамоқхонада бўлгани учун шаҳарни тарк эта олмайдилар”, дейди Венесуэла биринчи хоними.
Бу “инсонийликдан ташқари” ҳаракатларнинг Фаластин халқининг даҳшатли ҳалокатини ифодалаганини ифода этган Флорес, дунё бир геноцидга гувоҳ бўлаётганини урғулади.
Эслатиб ўтамиз, Истанбулда бўлиб ўтган саммитда Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг онаси Шайха Моза бинт Носир, Сенегал Президенти Маки Санинг рафиқаси Мариеме Файе Салл, Малайзия қироличаси Тунку Азиза Аминаҳ Маймунаҳ Искандария, Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Конго Республикаси Президентининг рафиқаси Антуанетта Сассу-Нгессо, Бангладеш Президентининг рафиқаси Ребека Султона, Босния и Герцеговина Президентлик кенгашининг хорват аъзоси Желько Комшичнинг рафиқаси Сабина Комшич, Ливан Бош вазирининг рафиқаси Май Микати, Шотландия минтақавий бош вазири Ҳамза Юсуфнинг рафиқаси Надия Ал-Накла, Ливия Бош вазири Абдулҳамид Дибейбенинг рафиқаси Омина Али Муҳаммад Ал-Шавуш Ал-Дилавий, Фаластин махсус вакили Фериал Камел Абдалраҳмон Салим, Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид ан-Наҳённинг рафиқаси Шайха Алязиа бинт Саиф Ал Наҳаён, Миср режалаштириш ва иқтисодий ривожланиш вазири Ҳала Алсаид ва туркманистонлик дипломат Чинор Рустамова иштирок этди.
LiveБарчаси