Ҳибс, сургун, қочқинлик. Биринчи хонимларнинг кейинги тақдири
Таҳлил
−
20 Январь 8803 12 дақиқа
Аввалроқ, QALAMPIR.UZ тарих давомида Қўшма Штатлар ағдаришда роль ўйнаган баъзи етакчилар рўйхати ва уларнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилган эди. Табиий равишда бундай вазият ўша давлатда яшовчи халқ вакилларининг яшаш тарзига таъсир ўтказгани каби, мамлакатнинг биринчи даражали хонимларини ҳам четлаб ўтмаган. Баъзилари турмуш ўртоқлари сингари жавобгарликка тортилган бўлса, бошқалар намойишчиларнинг, ҳуқуқ- тартибот органларининг чангалидан қутулиб қолишга муваффақ бўлган. Бу сафар сизга эрлари ҳокимият тепасида бўлган вақтда биринчи хонимлик рутбасини елкасига олиб, кейинроқ бунинг пушаймонини қилган оқсуяк бегойимлар ҳақида гаплашамиз.
Силия Флорес – Венесуэла
Ағдарилган етакчиларнинг хотинлари – уларнинг тақдири қандай кечган? Венесуэлада юз берган воқеалар жаҳон сиёсатида катта резонанс уйғотди. Америка Қўшма Штатлари армиясининг 3 январь куни ўтказган ҳарбий амалиётида Венесуэла Президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес ҳибсга олинди. Ҳозирда АҚШда сақланаётган собиқ президент ва унинг турмуш ўртоғи суд олдида жавоб бермоқда. Уларга тўрт модда бўйича, жумладан, гиёҳванд моддалар ва қурол савдоси билан боғлиқ айбловлар қўйилган. Мадуро ҳам, рафиқаси Силия Флорес ҳам барча айбловларни рад этмоқда.
Силия Флорес 1956 йилда Венесуэлада туғилган, касби бўйича ҳуқуқшунос бўлиб, мамлакат сиёсий ҳаётида узоқ йиллар фаол роль ўйнаган. У 2006-2011 йилларда парламент раиси, 2012–2013 йилларда эса бош прокурор лавозимида ишлаган. 2013 йилдан бошлаб эри президент бўлган даврда биринчи хоним мақомини олган.
АҚШ ва айрим Ғарб давлатлари уни Венесуэладаги авторитар бошқарувни қўллаб-қувватлаган шахс сифатида танқид қилган. Айрим манбаларда ҳукумат ичидаги непотизм (қариндош-уруғчилик) айбловлари ҳам илгари сурилган. Шунга қарамай, у Венесуэла ичида тарафдорлари томонидан тажрибали сиёсатчи ва қатъиятли лидер аёл сифатида ҳимоя қилинади.
Силия Флорес нафақат ҳуқуқшунос сифатида профессионал фаолият юритган, балки давлат идораларида раҳбар лавозимларда ишлаган ҳолда асосий сиёсий арбоблардан бирига айланган. У Николас Мадуро билан турмуш қуришидан олдин ҳам сиёсат майдонида таниқли шахс бўлган ва 1990 йиллардан буён эрининг тарафдори сифатида сиёсий ҳаёт марказида бўлиб келган. Бугун Флорес ҳам эри билан бирга АҚШ адлия тизими олдида жавоб бермоқда ва бу ҳолат жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортаётган долзарб сиёсий-ҳуқуқий жараёнга айланган.
Сожида Хайруллоҳ Талфаҳ – Ироқ
Сожида 1935 йилда Тикрит шаҳрида туғилган (Саддам Ҳусайн АҚШ кучлари тарафидан ҳибсга олинган шаҳар). Сожида Саддам Ҳусайнга бегона бўлмаган. Собиқ биринчи хоним Ироқ президентининг амакиси Хайруллоҳ Талфаҳнинг тўнғич қизи эди.
Саддам Ҳусайн 21 ёшида ўзидан икки ёш катта бўлган Сожида Хайруллоҳ Талфаҳ билан оила қурган. 1986 йилда Саддам Сожида билан никоҳда бўла туриб, яна бир аёл – Самира Шаҳбандарга уйланади. Сожида бундан ғазабланади. 1988 йил октябрь ойида Миср президенти Ҳусни Муборакнинг рафиқаси Сузанна Муборак шарафига Сожида Хайруллоҳ тарафидан Ироқда зиёфат уюштирилган. Зиёфат чоғида Саддам ва Сожиданинг катта ўғли Удай Ҳусайн отасининг Камел Ҳана Гегеони исмли хизматчисини Саддам ва Самирани таништирган ҳамда уларнинг учрашувларини уюштирганликда айбдор деб ҳисоблайди ва пичоқлаб ўлдиради. Эрининг бошқа аёлга уйланганига қарамай, Сожида Саддам билан ҳеч қачон ажрашмаган.
Сожида жамоатчилик олдида эри билан бирга деярли кўринмаган, шу боис кўп йиллар давомида ироқликлар унинг мавжудлигидан кам хабардор бўлган. Бироқ, Саддамнинг бошқа аёлга уйлангани ва оилавий ҳаётида зиддиятлар борлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалгач, Ироқ Оммавий ахборот воситаларида Саддам ва Сожиданинг, шунингдек, уларнинг фарзандлари билан бирга тушган сурат ва видеолари кўпайган. Бу материаллар Саддамнинг оилавий ҳаётида муаммолар йўқдек таассурот уйғотиш учун мўлжалланган эди.
1990 йилда Форс кўрфази уруши сабабли Сожида ўз оиласининг кўплаб аъзолари билан бирга бомбардимонлар бошланишидан олдин Ироқдан чиқиб кетган. Ҳусайнлар оиласи қаерга жойлашгани ҳақида турли хабарлар мавжуд бўлса-да, эҳтимолий манзиллардан бири Мавритания экани айтилади. Уруш тугагач, Сожида яна Ироққа қайтди.
АҚШ кучлари 2003 йил 13 декабрь куни Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни Тикрит шаҳри яқинида қўлга олган пайтда, унинг рафиқаси Сожида Хайруллоҳ Талфаҳ мамлакатда бўлмаган. Расмий ва очиқ манбаларга кўра, Сожида Талфаҳ АҚШнинг Ироққа ҳарбий аралашувидан кўп ўтмай мамлакатни тарк этган. У эри ҳибсда бўлган даврда аввал Иорданияда, кейинроқ Қатарда яшаган ва АҚШ кучлари томонидан ҳеч қачон қўлга олинмаган. Кейинги йилларда у Қатарда сиёсий бошпана олгани айтилади.
2015 йил 5 июль куни Сожиданинг Қатарда вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Собиқ биринчи хонимнинг оиласи эса у ҳақидаги миш-мишларни рад этди.
Сафия Фаркаш Каддафий – Ливия
41 йил Ливияда биринчи хонимлик статусини ташиган Сафия Каддафий 1952 йил 2 майда мамлакатнинг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Байдада туғилган. Ливиянинг собиқ раҳбарининг беваси сифатида у мамлакатнинг собиқ биринчи хоними ва Муаммар Каддафийнинг саккизта биологик фарзандидан етти нафарининг онаси бўлган.
Унинг келиб чиқиши ҳақида икки хил ривоят мавжуд. Энг машҳурларидан бири шундаки, Фаркаш Шарқий Ливиянинг Бараса қабиласидан бўлган оиладан ва у ҳамшираликка ўқиган. Унча ишончли бўлмаган яна бир ривоятга кўра, Фаркаш Босния ва Герцеговинанинг Мостар шаҳридан бўлиб, у ерда Зофиа Фаркас ёки Софижа Фаркас номи билан туғилган ва босниялик хорват ёки венгер миллатига мансуб.
Каддафий 1970 йилда аппендицит туфайли шифохонага ётқизилилиб, даволанаётганида у билан танишган. Ўша йили Триполида турмуш қуришганда, Фаркаш Каддафийнинг иккинчи хотини бўлган.
Фаркаш Ливия фуқаролар уруши давомида эри ва оиласи билан бирга Триполидаги уйларида яшаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг санкцияларининг биринчи босқичи доирасида Ливиянинг хориждаги активлари ҳамда Каддафий шахсан эгалик қилган мол-мулклар музлатилгач, Франция ва Буюк Британия ҳукуматлари санкцияларнинг иккинчи босқичини жорий этишга эришди. Бу босқичда Фаркаш назоратидаги давлат ва шахсий активларнинг тахминан 18 миллиард фунт стерлинг миқдоридаги қисми музлатилган. Август ўрталарида Триполи учун жанглар энг кескин паллага етганида, оила мустаҳкамланган қароргоҳни тарк этишга мажбур бўлади. 2011 йил 27 август куни Миср Оммавий ахборот воситалари Ливия исёнчи жангчилари жануби-ғарбий Ливия ҳудудидаги Ғадамес шаҳри орқали Жазоир томонга ўтаётган, эҳтимол Каддафий режимининг юқори мартабали вакилларини олиб кетаётган олтита зирҳли Mercedes-Benz автомобилини кўрганини хабар қилади. Бироқ, ўша пайтда бу маълумот Жазоир расмийлари томонидан инкор этилди.
29 август куни Жазоир ҳукумати Сафия Каддафий қизи Ойша ҳамда ўғиллари Муҳаммад ва Ҳаннибал билан бирга Жазоир ҳудудига ўтганини расман эълон қилди. Жазоир Ташқи ишлар вазирлиги вакилига кўра, карвондаги барча шахслар Жазоир шаҳрида бўлган. Оила Саҳрои Кабир чўлидаги чегара кириш нуқтасига эрталаб соат 08:45 да бир дона Mercedes ва автобусда етиб борган. Гуруҳдаги одамлар сони аниқ бўлмаган, бироқ улар орасида “кўплаб болалар” борлиги ва уларнинг сафида Муаммар Каддафий бўлмагани қайд этилган. Шу сабабли гуруҳга гуманитар асосларда Жазоирга киришга рухсат берилган.
2012 йил октябрь ойида улар Жазоирда яширинган жойни тарк этиб, Уммон Султонлигига йўл олиб, у ерда сиёсий бошпана оладилар. 2023 йил ҳолатига кўра, Сафия Фаркаш Мисрнинг Қоҳира шаҳрида истиқомат қилаётгани ҳақида хабарлар бор. 2016 йил апрель ойида ҳукумат Каддафий тарафдорларини тинчлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида Сафия Фаркашга Ливияга қайтишга рухсат берган.
Бундан кўринадики, Муаммар Каддафий 2011 йилда ҳокимиятдан ағдарилиб, ваҳшиёна тарзда ўлдирилган пайтда унинг рафиқаси Сафия Фаркаш эрининг ёнида бўлмаган.
Фелисия Сантана Норьега – Панама
Фелисия Норьега ҳокимияти даврида биринчи хоним мақомига эга бўлмаган, чунки эри расмий президент эмас, балки амалда мамлакатни бошқарган ҳарбий диктатор сифатида танилган. Фелисия эса оммавий ҳаётдан онгли равишда четда бўлган ва кўп ҳам катта доираларда кўриниш бермаган.
Панама етакчиси Мануэль Норьега 1989 йил декабрь ойида АҚШ кучлари томонидан қўлга олинган пайтда, унинг рафиқаси Фелисия Сантана Норьега мамлакатда бўлган. Расмий ва очиқ манбаларга кўра, Мануэль Норьега ҳибсга олинаётганда унинг хотини АҚШ ҳарбийлари томонидан ушланмаган ва ҳарбий амалиётларнинг бевосита нишони бўлмаган. У кейинчалик ҳам Панамада қолиб, жамоат-сиёсий фаолиятдан четда, ёпиқ ҳаёт кечирган.
Фелисия Норьега режимининг сиёсий қиёфасига бевосита таъсир кўрсатмаган ва ҳокимият тепасидаги шахснинг рафиқаси бўлса-да, жавобгарлик ёки айбловлар доирасига тортилмаган. У тарихда кўпроқ сокин ва ёпиқ ҳаёт кечирган турмуш ўртоқ сифатида эсланади.
Ортенсия Бусси де Альенде – Чили
2009 йил 94 ёшида Валпараисо шаҳрида вафот этган Ортенсия Бусси де Альенде 1970-1973 йилларда Чилининг социалистик президенти бўлган Салвадор Альенденинг беваси эди. Чилида уни ҳамма “La Tencha” (Ортенсия исмидан олинган) номи билан чақирган. Ортенсия 1973 йилда эри ҳалок бўлган ҳарбий тўнтаришдан кейинги йилларда генерал Аугусто Пиночет диктатурасига қарши Чили мухолифатининг рамзий тимсолига айланади. У бу йилларнинг асосий қисмини Мексикада ўтказди, бироқ Пиночет режимига қарши курашиш мақсадида дунё бўйлаб сафарлар қилди ва ниҳоят 1988 йилда Чилига қайтди.
Ортенсия Бусси Чили денгиз порти бўлган Валпараисода, бадавлат оилада туғилган. Чили савдо флотининг нуфузли офицерларидан бирининг қизи бўлиб, Сантьягода ўқиб, ўқитувчилик касбини эгаллаган.
У Салвадор Альенде билан 1939 йил январида Чиллан зилзиласидан кейин танишган. Ушбу фалокат Чиллан ва Консепсьон шаҳарларини вайрон қилиб, 30 мингдан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган эди. Улар зилзиладан жабр кўрганларга ёрдам бериш кампаниясида бирга фаолият юритиб, орадан бир йил ўтиб турмуш қурган. Ўша пайтда Салвадор Альенде Педро Агирре Серда бошчилигидаги Халқ фронти ҳукуматида соғлиқни сақлаш вазири бўлиб, сиёсий фаолиятининг бошида эди.
Ғурурли, жозибали ва аристократ қиёфага эга Ортенсия Бусси сиёсатга аралашмаган рафиқа бўлса-да, 1958 ва 1964 йиллардаги муваффақиятсиз президентлик сайловларида эрига ҳамроҳлик қилган. 1970 йилда Альенде ғалаба қозонгач, Ортенсия Чили биринчи хонимига айланди ва ўша нотинч сиёсий даврда бу вазифани нафислик ва салобат билан адо этади.
АҚШ президенти Ричард Никсон маъмуриятининг Алленде ҳукуматини ағдаришга бўлган қатъий интилиши ва Чилидаги консерватив кучларнинг парламентдаги кўпчилиги мамлакатда доимий сиёсий инқироз муҳитини юзага келтирди. Бу ҳолат 1973 йил сентябрида Пиночетнинг ҳарбий тўнтаришигача давом этди.
Ҳарбий тўнтариш Британиядан сотиб олинган “Hawker Hunter” қирувчи самолётлари томонидан президент саройи ва Альенденинг Томас Моро кўчасидаги уйининг бомбардимон қилиниши билан кечади. Ортенсия Бусси бу ҳужумлардан омон қолади, бироқ Альенде қамал остидаги саройда ўз жонига қасд қилади. Ортенсия эрининг жасади билан Валпараисога яширинча олиб борилади, бироқ тобут муҳрланган бўлиб, у ўлим сабабини тасдиқлай олмайди. Шундан сўнг Ортенсия дарҳол Мексикага жўнаб кетади ва у ерда президент Луис Эчеверрия (1970-1976 йилларда Мексика президенти) ҳукуматининг бутун вазирлар маҳкамаси томонидан кутиб олинади.
Альендени ағдариб ташлаган тўнтариш маълум маънода Ортенсия Буссини мустақил сиёсий шахсга айлантирди. У узоқ йиллар эрининг соясида яшаган бўлса, тўнтаришдан сўнг инсон ҳуқуқлари учун машҳур курашчи ва дунё бўйлаб тарқалган чилилик қочқинларни бирлаштирувчи рамзга айланади. У Шарқий ва Ғарбий Европа, Совет Иттифоқи, Хитой ҳамда Лотин Америкасидаги давлатларга сафар қилиб, Чилидаги демократик анъаналар руҳини сақлаб қолиш учун йиғилиш ва конференцияларда нутқ сўзлайди.
Эри номидаги кўчалар ва белгиларни очади, ҳатто 1977 йилда Шотландиядаги Глазго университети ректори лавозимига номзод сифатида ҳам кўрсатилади.
АҚШ эса унга нисбатан совуққон бўлиб, кўп бор виза беришдан бош тортган, бироқ суд АҚШ ҳукуматининг қарорларини рад этган. Ортенсия курашдан чарчамайди ва 1988 йилда Пиночет ҳокимиятига қарши референдум арафасида Чилига қайтади. 1990 йилги сайловлар натижасида Альенде асос солган Социалистик партияси иштирокида янги ҳукумат шакллантирилди.
У Чилига қайтиб, жамоат ҳаётидан четга чиқди ва кейинги йигирма йил давомида деярли кўринмади. Шунга қарамай, 2009 йил 18 июнда унинг дафн маросимида минглаб одамлар, жумладан, ўша пайтдаги президент Мишель Бачелет ҳамда собиқ президентлар – Рикардо Лагос ва Эдуардо Фрей қатнашди.
Фараҳ Паҳлавий – Эрон
Фараҳ Паҳлавий Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг учинчи рафиқаси ҳисобланади. У шоҳнинг хотинлари орасида “шоҳбону” унвонини олган ягона аёл бўлган. Фараҳ Паҳлавий шоҳнинг аввалги икки рафиқасидан фарқли ўлароқ, унга ворис бўладиган ўғил фарзанд туғиб берган. Шоҳнинг уч рафиқаси ичида фақат у учун тож кийиш маросими ўтказилган.
Асли озарбайжон миллатига мансуб бўлган Фараҳ 1938 йил 14 октябрда Теҳронда туғилган. Қизиқ жиҳати шундаки, Ризо Паҳлавийнинг онаси Тожулмулк ҳам этник озарбайжон бўлган. Қизликдаги исми Диба бўлган, Фараҳнинг отаси офицер бўлган. Оиласи жуда бадавлат бўлса-да, отасининг ўлими оилани Теҳрондаги вилласини сотишга ва қариндошлариникига кўчиб ўтишга мажбур қилади. Фараҳ таълимни Теҳрон ва Парижда олади. Мактаб йилларида у спорт билан шуғулланган ва ҳатто баскетбол жамоаси сардори этиб сайланган. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Фараҳ архитектурани ўрганган ва Парижда шу мутахассислик бўйича таҳсил олган.
1959 йилда Париждаги Эрон элчихонасида бўлиб ўтган қабул маросимида Фараҳ шоҳга Францияда ўқиётган талаба сифатида таништирилади. Бироқ уларнинг танишувининг яна бир версияси бор – Теҳронда икки марта махсус спорт паради ташкил этилди, унда юзлаб ёш хонимлар иштирок этади. Биринчи парад пайтида Муҳаммад шоҳ танлов қила олмайди ва парад яна ўтказилади. Шундай қилиб, шоҳ Фараҳни танлайди. 21 ёшли талаба Фараҳ ва 40 ёшли Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг тўйи 1959 йил 21 декабрда бўлиб ўтади.
Муҳаммад Ризо Паҳлавий 1941 йил 16 сентябрдан 1979 йил 11 февралгача Эронда шоҳаншоҳ бўлган. 1979 йилда Эронда шоҳаншоҳлик тугатилиб, инқилоб оқибатида шоҳ ҳокимиятдан ағдарилган ва Эрон Ислом Республикаси эълон қилинган. Сўнгра шоҳ оиласи ватанини тарк этиб, муҳожирликда ҳаёт кечиради ва Мисрда паноҳ топади. Муҳаммад Ризо Паҳлавий шоҳ 1980 йилда 60 ёшида Қоҳирада саратон касаллигидан вафот этгандан сўнг Фараҳ Паҳлавий ва унинг оиласи бу мамлакатни тарк этиб, АҚШ президенти Рональд Рейганнинг таклифига биноан океан ортига йўл олади.
Бугунги кунда Фараҳ Паҳлавий Вашингтонда яшайди. Кейинги йилларда Фараҳ бутун ҳаётини акс эттирган француз тилидаги “Хотиралар. Қулаган режим ва чексиз севги ҳикояси” номли китоб ёзган. Бестселлерга айланган бу китоб кўплаб тилларда нашр этилган. Муҳожирликдаги эронликлар ҳанузгача Фараҳ Паҳлавийга аввалгидек “шоҳбону” деб мурожаат қилади.
Шоҳбону ўғли, шаҳзода Ризо Паҳлавийнинг бугунги сиёсий фаолиятини қўллаб-қувватлайди, лекин ўзи сояда қолишни афзал кўради. Фараҳ аввалгидек санъат билан шуғулланишда давом этади.
Live
БарчасиМен диктаторман – Трамп
10:14