Владимир Норов Хитойда мукофотланди
Жамият
−
03 Октябрь 5419 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг собиқ бош котиби Владимир Норов Хитойнинг “Дўстлик” мукофоти билан тақдирланди. У мазкур мукофотни олган илк ўзбекистонлик бўлди. Бу ҳақда у ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.
Унинг билдиришича, жорий йилнинг 30 сентябрь куни Пекиндаги Халқ вакиллари уйида Хитой ҳукуматининг “Дўстлик” мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтган. Ушбу мукофот Хитойнинг модернизацияси ва халқаро ҳамкорлигига юксак ҳисса қўшган хорижий мутахассисларга бериладиган энг олий мукофот ҳисобланади. Бу йил 27 мамлакатдан 50 нафар нуфузли мутахассис тақдирланган.
“Мен ушбу мукофот соҳиблари сафида бўлганимдан чуқур мамнунман. Айниқса, тарихда илк бор Ўзбекистон вакили бу нуфузли мукофотга сазовор бўлганидан фахрланаман. Дипломатия ёки илмий фаолиятимда бўладими, мен доимо Хитой, Марказий Осиё ва кенг халқаро ҳамжамият ўртасида ўзаро ишонч, мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилдим. Шу боис бу мукофот нафақат шахсий шараф, балки маданий ва инсоний алоқаларнинг кучига бўлган умумий қарашларимиз рамзидир”, дейди Норов.
Маълумот учун, Владимир Норов 1955 йил 31 август куни Бухоро вилоятида туғилган. 1972-1976 йилларда Бухоро педагогика институтини тамомлаган. 1983-1985 йилларда Совет Иттифоқи ички ишлар вазирлиги академияси тингловчиси бўлган. Бошқарув лавозимларидаги фаолиятига тўхталадиган бўлсак, у 2022 йил 27 апрелдан 30 декабргача икки марта Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган. 2019 йил 1 январдан 2021 йил 31 декабргача Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби, 2017 йил 5 майдан 2018 йил 31 декабргача Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари, 1996-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси каби лавозимларда фаолият юритган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Германия, Польша, Швейцария, Люксембург ва Бельгиядаги собиқ элчиси бўлиб ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Норов 2023 йилнинг июнь ойида Марказий Осиё халқаро институти директори лавозимидан нафақага чиққани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси