Винисиус Жуниор қамалиши мумкин
Спорт
−
16 Октябрь 3658 2 дақиқа
“Реал Мадрид” ҳужумчиси Винисиус Жуниор Бразилияда ўзининг 25 ёшини нишонлаш учун Рио-де-Жанейрода уюштирган катта зиёфат чоғида қўшниларининг тинчлигини бузгани сабаб суд қилинади. Бу ҳақда “Cadena SER” нашри хабар берди.
Манбага кўра, жорий йил 19 июлдан 21 июлгача давом этган Винисиуснинг туғилган кун тадбирларида 500 га яқин меҳмон иштирок этган. Улар орасида “Реал Мадрид” ярим ҳимоячиси Эдуарду Камавинга ва бразилиялик қўшиқчи Анитта бўлган. Шунингдек, тадбир доирасида Трэвис Скоттнинг концерти ва истироҳат боғида сайрлар ҳам бўлган.
Шикоятга кўра, тадбир баланд мусиқа ва шовқин билан ўтган, бу эса қўшниларни безовта қилган. Маҳалла тинчлигини бузилганлиги ҳақида қўшнилар Ҳарбий полицияга мурожаат қилган ва полиция тадбир иштирокчиларидан овозни пасайтиришни талаб қилган. Винисиус ва меҳмонлар дастлаб полиция талабларига бўйсунган, аммо улар кетгандан сўнг овоз яна баландлашган.
Иш Рио-де-Жанейро штати 9-махсус жиноят суди томонидан кўриб чиқилмоқда. Дастлабки суд мажлиси жорий йилнинг 6 ноябрь кунига белгиланган. Бразилия қонунчилигига кўра, “бошқаларнинг ишини ёки тинчлигини бузиш” 15 кундан уч ойгача қамоқ ёки жарима билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Винисиус Жуниорнинг Испаниядаги уйида ёнғин содир бўлган эди.